Ассалому алайкум! Ёшим 26да. Турмуш ўртоғим 31 ёшдалар. Ишлари кўпроқ комондировкали, яъни 1 ой узоқ чўлда, 15 кун уйда. Ўғил ва қизимиз бор. Алҳамдулиллаҳ, оиламиз дин шариатларига мувофиқ, Аллоҳ ризолиги учун яшашга ҳаракат қиламиз. Хўжайним ўзимга қараб бўянишимни ёқтирмайдилар, "табиий бўл", дейдилар. Лекин атрофимдагилар "эркак киши 35-40 ёш орасида бир "айниб" олади, эҳтиёт бўлинг, айниқса сизнинг эрингиз узоқларда юрадилар, кўпроқ ясан-тусан қилиб юринг", дейишади. Шунга ҳайрон бўламан. Мен уларга ишонаман. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳдан қўрққан киши зино қилмайди. Лекин эркак психологиясида чиндан ҳам 35-40 ёш орасида "айниш" деган нарса борми? Мен ҳам эҳтиёт бўлишим керакми?
– Ва алайкум ассалом! Тўғри, "эркак киши 40 дан кейин айнийди", деган гап халқимизда бор. Психологияда ҳам шунга бироз яқинроқ фикр бор. Аммо барча эркаклар албатта шундай қиладилар дегани эмас бу. Турмуш ўртоғингиз тақволи инсон бўлса, тирикчилик деб юриб, ибодатларига бепарво бўлмаса, инша Аллоҳ, бундай ишларни қилмайди. Аллоҳдан қўрқиб, Аллоҳни танийдиган инсон ҳаром ишларга қўл урмайди. Асосан сизда ўзингизга бўлган ишонч бўлиши керак. Сизда ҳаёлан бўлса ҳам турмуш ўртоғингиз учун қўрқув бўлса, ҳаром йўлга кириб қолишидан қўрқувларингиз бўлса, бундай ишлар ҳақиқатда ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳадисларга биноан яхшилик гумонида бўлиш керак. Ҳамда албатта аёл киши ўзини парваришлаши, турмушга чиқдим деб бўшашмаслиги, ўз устида доимо ишлаши керак. Валлоҳу аълам!