Ассалому алайкум! Оила қурганман, ҳали ёшман. Қайтиб келган қайни синглим борлар. Қайнотам ноҳақ сўкадилар.Уйда нима талофат бўлса, "Аллоҳим томонидан, тақдирдан, яхшиликка бўлсин", дейишмайди, "келин айбдор", дейишади, ҳақоратлашади, сўкишади. Индамайман, йиғлайман холос. Ҳомиладорман, мазам бўлмади, ҳеч кимнинг иши ҳам бўлмади. "Келин қул, ишимизни қилиши керак, нимага келин олганмиз биз?", дейишади. Бу гапга жавоб қилмайман, индамайман. Уйимга кириб Қуръон китобимни бир-икки соат ўқисам "уйидан чиқмайди", дейишади. Аммо ҳамма ишларим тугагач ўқийман. Менга ҳам маслаҳат беринг, илтимос. Ажирашиб кетсам, ота-онамга шуларни айтсам яхши иш бўлмайди деб ўйлайман. Қайнонам йўқлар. "Ажраштирвораман", дейишади уйдагилар. Тўйдан олдин қайнонам бўлиб бир аёл келган эди, энди эса у аёл йўқ. Сўрасам ҳақоратлашади деб индамайман.
– Ва алайкум ассалом! Сизникидек ҳолат юз бермаслиги учун ўзбекчиликда тўйдан аввал келин-куёвнинг турмуш тарзини суриштириш ишлари кенг йўлга қўйилади. Энди сабр қилиб туринг. Ўз устингизда ишланг. Ҳаёлларингизда яхши ҳаётни тасаввур қилинг. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўгитларига мувофиқ келажагингиз ҳақида яхши гумонда бўлишга олиб келади. Инсон ҳаёлида ёмон гумонда бўлса, ҳаёлларида ёмон нарсалар ҳақида ўйласа ҳаётида ҳам ўша нарсалар бўлади. Шунинг учун оила аъзоларингиз сизга меҳрибон эканлигини, оилангизда тинчлик ва хотиржамлик борлигини, офиятлик ҳаёт кечираётганингизни ҳаёлларингизга сиғдиринг. Иншааллоҳ ҳаётингиз ўзгара боради. Валлоҳу аълам!