Ассалому алайкум! Мен 2 фарзанднинг онасиман, 2-фарзандимни яқинда дунёга келтирдим. 1-фарзандим қиз, 3 ёшда, Аллоҳга шукур соғлом, лекин туғилганидан жуда қайсар, ўжар, гапга кирмайдиган қулоқсиз, шўх. Шу сабабли укасини ҳам тинч қўймаяпти, қизимга қанча тушунтириб тарбия берсам ҳам айтганимни қилмайди. Тарбиясида жуда қийналяпман ва келажагидан хавотир оляпман. 2 та болам билан намозларимни ҳам ўқишга қийналаяпман. Ўзим ҳам асабий бўлиб қоляпман. Илтимос, маслаҳат беринг. Қандай йўл тутай? Ёки катта бўлса яхши бўлиб кетармикин? Динимизда болага қандай муомала қилиш, тарбияси ҳақида китоблар борми?
– Ва алайкум ассалом! Зиёвуддин Раҳимнинг “Бола одоби билан азиз”, “Бахтли ҳаёт сари” каби бир қанча китоблари бор. Ана шуларни ўзингиз ўқиб, болаларингизга ҳам ўқиб берсангиз бўлади. Она хотиржам яшаса бола хотиржам, она бахтли бўлса болалар бахтли, она бахтсиз бўлса болалар ҳам бахтсиз. Ўз устингизда ишланг. Болалар сиздан ибрат олишади. Сизнинг ички руҳиятингизни улар ўз қилиқларида акс эттирадилар. Шунинг учун ўзингизни хотиржам қилиб олишингиз зарур. Болаларда ҳали ҳаётий тажрибаси йўқ. Уларнинг тажрибаси бор йўғи бир, икки ёки уч йил. Улардан қандай донишмандликни кутиш мумкин? Валлоҳу аълам!