Кўз учиши

23:15 / 25.02.2021 | Xadicha | 3617

Ассалому алайкум! Ўнг кўзнинг "учиши", тез пирпираши нимадан бўлиши мумкин?

Шифокор:

– Ва алайкум ассалом! Бу ҳолат тиббиётда нерв тиклари деб аталади.
Тик [франц. tic – ўлиш, пирпираш], мушак учиши – айрим ёки бир гуруҳ мушакларнинг ихтиёрсиз тез-тез такрорланадиган қисқариши. Аксари юз, бўйин, қўл мушаклари, баъзан тил мушаклари ва диафрагма ҳам ўлади. Турли кишиларда тикнинг ташқи аломатлари турлича, бироқ битта кишининг ўзида, одатда, бир хил намоён бўлади, яъни ҳар бир такрорланган хуружда ўша бир хил мушакларнинг ўзи ўлади. Масалан, кишининг юз мушаклари учганда тўсатдан пешонасини тириштиради, қошларини чимиради, кўзини қисади, бурнини қимирлатади, лабини чўччайтиради, бу хилдаги қисқариш юз мушакларининг ярмида ёки ҳаммасида рўй бериши мумкин; бўйин мушаклари тикида бемор бошини кўйлак ёқаси сиққандек буради ёки елкаларини эгнига ўхшовсиз ўтирган кийимни тузатгандек ҳаракатлантиради. Оғиз мушаклари ва ҳиқилдоқ тикида тилини тақиллатади, лабини чўлпиллатади, ялайди, чайналади. Тик нафас мушакларига тарқалганида бемор томоғини қириб йўталади, пишиллайди ёки тумовдаги каби бурни билан тез-тез нафас олади. Баён этилган ихтиёрсиз ҳаракатлар, кўпинча, боши шикастланиб ёки бош мияси ҳамда пардаси яллиғланиб тузалган одамларда учрайди. Бироқ тик қаттиқ изтироб чекиш, болаларда ёки катталарда кучли қўрқиш, узоқ вақт толиқиш ва дармонсизланиш ёки сурункали касаллик, невроз оқибатида келиб чиқиши мумкин. Баъзи ҳолларда юзнинг ғайриихтиёрий ҳаракатлари уч шохли нерв невралгиясида оғриқ ҳуружи вақтида пайдо бўлади, бу оғриқли тик дейилади. Бундай тикка уч шохли нерв қўзғалишининг юз нервига таъсир этиши сабаб бўлади.
Тикни келтириб чиқарган сабабига кўра невропатолог шифокор даволайди. Валлоҳу аълам!