Ассалому алайкум! Менинг 6 ёшли синглим бор. Бир вақтнинг ўзида рус, инглиз ва араб тилларини ўрганяпти. Аниқроғи, ёдлаяпти. Назаримда бола илмдан безиллаб қоляпти. Мен ўзим олийгоҳда бир вақтнинг ўзида 3 та тил ўрганяпман. Бу иш осон эмаслигини биламан. Тўғри, синлим менга ўхшаб грамматикани ўрганмайди, лекин барибир осон эмас. Боланинг вақти ва зеҳни исроф бўляпти. Сўз ва диалог ёдлайди, бироз вақт ўтгандан сўнг унутади. Чунки такрорлаб, амалда қўлламайди. Ойимга кўп маротаба тушунтирдим, "Аввал битта тилни маълум даражада ўзлаштириб олсин, кейин аста-секин кейингисига ўтади", дедим. Лекин фойдаси бўлмаяпти. Уларни ҳам яхши тушуняпман, "Қизим илмли бўлсин", деяптилар. Алҳамдулиллаҳ, илмига эътибор берганлари учун жуда ҳурсандман, лекин усул нотўғри.
– Ва алайкум ассалом! 6 ёшли синглингиз бир вақтнинг ўзида 3 та тилни ўрганиши, ҳақиқатан ҳам, бу ёшда унга оғирлик қилади. 5-6 ёшли болаларда ёдлаш қобилияти жуда яхши бўлади. Лекин тушунмасдан ёдлаётгани учун такрорлаб турмаса, хотирасидан бутунлай ўчиб кетади. Озгина вақтдан кейин синглингиз умуман дарс қилишдан безиб қолади. Баъзи бир болаларда алоҳида қобилият бўлади. Улар бундан мустаснодирлар. Шунинг учун аввал бир тилни ўргатиш билан бирга турли рангли расмлар чизиш, эртаклар оламига саёҳат қилиш, яхши кўрган ўйинчоқларини ўртоқлари билан ўйнаши, эрта ухлашини йўлга қўйиш керак бўлади. Шу билан бирга Қуръоний дуолар, кичик суралар, ҳадисларни ёдлатиш, албатта, фойдали ва ижобий таъсирга эга эканлиги учун уларни ёдлатишни маслаҳат берамиз. Валлоҳу аълам!