Аёлнинг ўрни

00:55 / 28.02.2021 | Fatima | 703

Ассалому алайкум! Аёл кишининг жамиятда қандай ўрни бор? У оддий бир уйда ўтирадиган хизматкорми? Ўзимни кераги йўқ одамдек ҳисоблайман. Ҳали турмушга чиқмаганман. Эркак кишини ёмон кўраман. Уйдагилар бирор жойга ўйнагани кетишса (масалан, Амирсойга чанғи учгани) аёллигимни пеш қилиб уйда қолдириб кетишади. Хафа бўлиб кетаман. Нима учун қизиқишлари билан шуғулланишга, бирор нарса ўрганишга аёлларга имконият йўқ? "Уйда тинмай уй ишларини қилиб амалиётингни ошир!", деб хизматкорликка тайёрлашади. Озгина инжиқлик қилсам, эркалигимни кўтаришмайди. Қаттиқ гапириб сўкишади. Акам қўлига нима тушса отади, дадам ҳам қаттиқ гаплар билан сўкади. Дадам чақирсалар ичимда қўрқув пайдо бўлиб, пешонамдан тер оқиб кетади. Бундай жойда яшашдан чарчадим. Ёшим 19да. Қаттиқ сиқилганимдан бошим оғрийдиган бўлиб қолган. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Афсуски отангиз акаларингизни шундай тарбиялаган. Отангизни эса унинг ота-боболари шундай тарбиялаган. Ҳақиқатда аёл кишининг ўрни шариатимизда, ислом динимизда жуда юқорида. Аёлларни ожиза, нозик хилқат эгаси эканини айни ислом дини ўргатади. Келинг, мисолларда кўриб чиқайлик. Пайғамбар алайҳиссалом аёллар уйғонгунича уларга енгиллик бўлсин деб ҳатто қўйларни соғиб қўйганлар. Биби Марьямга турмуш ўртоқсиз фарзанд кўриш мақоми берилди. Баъзи манбаларда келишича Хадича онамиз аёл бўлишларига қарамай ўзлари яшаган Макка аҳли, жуда бой эркаклар билан баб-баробар тижоратчилик қила оладиган, энг савияли ва онгли инсон бўлганлари учун Макка оқсоқоллари баъзи масалаларда Хадича онамиз билан маслаҳатлашган вақтлари ҳам бўлган. Пайғамбаримиз алайҳисссаломдек буюк зотни Аллоҳ айнан Хадича онамизга лойиқ кўрди, гарчанд Пайғамбаримиз ҳали турмуш қурмаган йигит бўла туриб Хадича онамиз эса турмушга чиққан ва бошқа турмушдан фарзандлар кўрган бўлса ҳам. Аёлларнинг ислом динида ҳақ-хуқуқлари бисёр. Санаб саноғига етиб бўлмайди. Фақат аёлларни қадрлаш учун мусулмон бўлишнинг ўзи етарлик эмас. Балки илм ҳам керак. Сиз Аллоҳдан дуоларингизда илм-эътиқодли, онгли, одоб-ахлоқли, ислом тарбиясини олган аёлпарвар турмуш ўртоқ ато этишини сўранг. Дуоларингиз ижобат бўлса иншааллоҳ бундай эркак билан бахтли ҳаёт кечирасиз. Валлоҳу аълам!