Қизимга Қуръонни қандай ўргатай?

12:18 / 28.02.2021 | Muslima | 909

Ассалому алайкум! 5 ёшли қизим бор, Қуръон ўрганишни 3 ёшидан кичкина суралар билан бошлаганмиз. Мана 5 ёшдан ошди, ҳали энди зўрға 8 тагина кичик сураларни ёд олди. Илтимос, маслаҳатингизга муҳтожман, қизимга қандай қилиб Қуръон ўргатсак? "Муслимаат кидс" даги болаларга ҳавасим келди, ота-онасига раҳмат! Қайси усулда болага ўргатган эканлар? Қизим хоҳиши бўлмай ўрганади, доим қандайдир совға эвазига ўргатаман. 

Педагог:

– Ва алайкум ассалом! Ҳамма боланинг иқтидори турлича бўлади. Бу ёшдаги болани мажбурлаб бирон нарса ўргатиб бўлмайди. Сиз дарс сифатида емас, балки, бағрингизга босиб, эркалаб, унинг кайфиятини кўтариб олганингиздан сўнг, суралардаги оятларни такрор-такрор қайтариш орқали бола хотирасида эслаб қолишига эришишингиз мумкин. Ёдингизда бўлсин, бирданига ёдлаб ололмайди. Бу учун уни койиманг. Озгинагина натижани ҳам эътибор билан мақтаб, фарзандингизни кайфиятини кўтаринг. Бирга сайрда юрганингизда, дўконга бораётганингизда, бирга овқат қилаётганингизда зерикмайдиган даражада такрорлашингиз мумкин. Яхши кўрган ўйинчоғни ўйнаётганда бирга бўлинг. Бола ёдлашдан безиб қолмасин. Рангли расмлар чизишини, (раскраска китобини) бўяшни, супуриш, чанг артиш кабиларни ҳам бажариши лозим. Эрта ухлатинг, оилангиз тинч ва аҳил бўлишига ҳамда тақвога эътибор беринг. Ўзингиз ҳам илм олинг. Бола оилада биринчи бўлиб онадан ўрнак олади. Фарзандларингизнинг кўп қаторида қориялардан бўлишини дуо қилиб қоламиз. Валлоҳу аълам!