Китоб ҳақида

09:37 / 01.03.2021 | Нодира Бегим | 694

Ассалому алайкум! 1.Одинахон опанинг фақат аёлларга хос масалаларга оид китоблари борми? Илтимос, тавсия қилсангиз. 2. 2020 йил мен учун жуда оғир йил бўлди. 6 ой ичида ота-онамдан ажраб қолдим. Шундан сўнг менда қаттиқ сиқилишлар, тушкунлик, қўрқув кучайди. Ҳаётда ҳеч нимага қизиқмай қўйдим. Ишлагим келмайди, уйдан кўчага фақат заруратдан чиқаман холос. Нима қилай? Маслаҳат беринг. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! 1) Одинахон Муҳаммад Содиқ устознинг кўпгина китоблари қаторидан аёлларга тарбиявий аҳамиятни касб этганлари ҳам талайгина. Шулардан “Қизларжон”, “Гўзал ўрнак”, “Шифоси савол” кабиларни ўқиб чиқсангиз бўлади. 2) Бундай ҳолатларда одам кўпроқ зикр қилишга, ибодатларда муқим бўлишга, Қуръон ўқишга шошилиши керак. Кўпроқ пиёда юрсангиз ичингиздан барча тушкунликларингиз, негатив эмоцияларингиз чиқиб кетади. Иложи бўлса бир соат, бир ярим соат пиёда юраверинг. Бу дунё аслида синов дунёси. Ҳеч ким бу ҳаётда бутунлай бахтли бўлиб яшамайди. Албатта бирон кор-ҳол бўлиб синалади. Аллоҳ сизга гўзал сабр берсин. Сабрингиз эвазига қанчадан қанча савобларга эришасиз иншааллоҳ. Соғлигингизни тикланг. Тушгача меваларни, тушликдан кейин сабзавотларни хомлигича истеъмол қилиб туринг. Пишган овқатдан кўра кўпроқ мева ва сабзавотлардан қилинган, кўкатлар солинган янги салатларни, ёғлик балиқ, онда сонда писта, бодом, хандон писта, банан, қора шоколаддан бир бўлакдан истеъмол қилиб туриш керак. Кўпроқ фойдали китобларни, маълумотларни ўқиб туринг. Қанча кўп маълумотларга эга бўлсангиз шунча яхши. Бу амалларингиз сабабидан эндорфинларингиз, яъни ҳурсандчилик гормонларингиз, хусусан серотонин ва дофамин гормонлари кўпайиб аҳволингиз анча яхшиланади. Валлоҳу аълам!