Тажанглик

15:25 / 01.03.2021 | Inson O'zing | 578

Ассалому алайкум! Мен уч нафар фарзанднинг онасиман. Турмушимга ўн йил бўлган бўлса, тўққиз йил фақат азобда яшадим. Алҳамдулиллаҳ, намоз ўқиб Роббимни таниганим сари ҳаётим ҳам изига тушиб бормоқда, бироқ оиламизда ҳамма асабий ва тажанг. Эрим, фарзандларим, мен ҳам. Жуда уяламан бу ҳолатдан. Бу ҳол бизга қайнонамдан ўтган, уларнинг феъли шундай эди, бизники ҳам шунга қараб кетяпти. Масалан, эрим ҳали юз бермаган кўнгилсиз воқеани мисол қилиб болаларни асаб билан тарбия қилади, "оёғинг лой бўлади ёки тушиб кетасан" каби. Фарзандларим ваҳимачи ва тажанг эмас, қалбан сокин бўлишларини хоҳлайман. Бизга тўғри йўл кўрсатинг. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Инсон сизники каби ҳолатга тушса: “Аллоҳ менга синов берди. Сабримга яраша ажр-мукофотларига эришаман”, деб ўзининг онгида кўникма ҳосил қилиши керак. Оила аъзоларингизнинг ўзгаришини истасангиз энг биринчи ўринда сиз ўзаришингиз керак. Агар сиз ўзгарсангиз атрофингиздаги барча ўзгара бошлайди. Болаларга турмуш ўртоғингиз юқоридаги каби гапларни айтса, сиз: “Даданг тўғри гапиряпти, бундай ҳолатга тушишингдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин, ҳар бир инсон ақл-идрокига яраша ҳаётида ёки “мушт” ейди ёки ёмонликлардан ўзини эҳтиёт қилади. Даданг сенга яхши бўлсин деб шундай деяпти” деб тўғирлаб кетинг. Бора-бора турмуш ўртоғингиз ўзини тўғирлаб олади. Ҳаёлларингизни тозалашга ҳаракат қилинг. Нимаики салбий фикрларни ўйласангиз, тасаввур қилсангиз ўша ишлар ҳаётингизга кириб келиши мумкин. Валлоҳу аълам!