Ассалому алайкум! Турмуш қурганимга 11 йил бўлди. Эрим мени ёқтириб уйланганлар. Лекин тўйдан кейин ҳар бир ишимдан айб қидиришни бошлаганлар. Уй ишларини жуда яхши бажараман. Ҳозирги замонавий тансиқ таомларни ҳам, пишириқларни ҳам биламан. Кўнгилларини олиш учун кунда, кун ора пишириб тураман. Фарзандларимни ҳам оқ ювиб, оқ тарайман. Хўжайним табиатан жуда шошқалоқ, бесабр одамлар. Ҳар замонда бир ишга улгурмаган бўлсам, "ҳеч қандай иш қилмайсан, кечгача ўтирасан", деб гапирадилар. "Ҳеч нарса пиширмайсан", дейдилар, лекин ҳар доим пишираман. Тунги хизматларини ҳам қўлимдан келганча қилишга ҳаракат қиламан. Бир қараса яхши гапириб, ҳазилкаш бўлиб қоладилар, бир қараса ҳар нарсага жаҳл қиладилар. Оддий нарсаларга ҳам жаҳллари чиқаверади. Кўпинча норозиликлари билиниб туради. Ишдан келганларида кулиб кутиб оламан. Ўзимга қараб юраман. Нима қилишимни ҳам билмайман. Илтимос, маслаҳат беринг.
– Ва алайкум ассалом! Турмуш ўртоғингизнинг темпераменти сабаб у сиз айтган амалларни ўзи тушунмаган ҳолда қилса керак. Кўпинча холерик темпераментига мансуб кишилар ҳар соҳада ўта талабчан бўладилар. Чунки уларнинг ўзи ўзига талабчан, шижоатли, чарчамас, серғайрат, матонатли, бардошлидирлар. Шунинг учун бу темперамент соҳиби барча одамларни ўзи каби билиб бошқаларга ҳам талабчан бўлиб қолади. Ўзи ҳар томонлама шаклланган бўлгани учун бировнинг қилган ишидан қониқмайди. Бундай темперамент соҳибига нисбатан аёл киши хушомадли бўлиб, мақтов сўзларини аямаслиги керак. Шунда тил топишиши осон бўлади. Ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Сизни биров мақтаса шу одам билан уришасизми ёки камчилигини қидирасизми? Йўқ албатта. Сизни қилган ишларингизни қадрлаган инсонни сиз ҳам қадрлайсиз. Ҳамма инсонлар ҳар хил. Бир-бирларига умуман ўхшамайдилар. Турмуш ўртоғингизга алоҳида муносабат талаб этилади. Валлоҳу аълам!