Ассалому алайкум! Қизим ёзда 9 ёшга киради. 7 ёшдан намоз ўқишни бошлаган. Авваллари чин дилдан ихлос билан ўқирди, лекин ҳозир мажбурласам ўқийди, бўлмаса йўқ. Дадаси "ўқияпман" деб, ўқимай чиқаётганига ҳам гувоҳ бўлибдилар. "Мен учун ўқийсанми?", деб танбеҳ берсам, "Ҳа", деб жавоб берди. Доимо насиҳат қиламан, ёлғон гапирмаслик кераклиги ҳақида ҳам жуда кўп гапираман. Ўзим болаларга ёлғон гапирмайман, ваъда бердимми, бажараман. Нима қилишни билмай қолдим. Нимага ёлғон гапиради, нимага намозга бепарво бўлиб қоляпти, ҳайронман. Қуроънни ҳам катта қизиқиш билан ўқирди, ҳозир эса китобни очиб бошқа нарсаларга ҳаёли кетиб ўтиради. Менга маслаҳат беринг, қаерда хато қиляпман, билмаяпман. Жуда тушкунликка тушиб қоляпман.
– Ва алайкум ассалом! 9 ёшли қизингингизнинг шундай оилада салбий томонга ўзгаришига сабаб телевизор, телефон, интернет, ёки ён-атрофдаги ўртоқларининг таъсири бўлиши мумкин. Ўртоқлари ким ва қандайлигини суриштиринг. Aгар дугоналари ҳақида салбий характеристика олсангиз ҳам дарров таъқиқ қўйманг. Бадтар қайсарлиги ошади. Қизингиз билан дугонадек муносабатда бўлинг. Кўп ишларни бирга гаплашиб бажаришни одат қилинг. Қизингиз бирор воқеани гапириб берса, жон деб эшитинг ва биргалашиб муҳокама қилишни йўлга қўйинг. Уни эшитиб, фикрларидан яхши томонини топиб мақтаб қўйинг. Бу унинг руҳиятига ижобий таъсир қилади. Сиздан сир тутмайдиган бўлади. Ҳа деб танбеҳ беравермай, юмшоқлик билан, мисоллар билан фикрингизни тушунтиришга ҳаракат қилинг. Бу ёшдаги " Балоғат бекати" руҳияти кўп оналардан сабр билан муомала қилишни талаб қилади. Устозлари билан яқин алоқада бўлиб туринг. Сизни ҳам ота-оналарингиз ана шундай даврдан ўтганлари ёдингизда бўлсин. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, инша Аллоҳ! Валлоҳу аълам!