Жаҳлдорман

18:08 / 13.03.2021 | Lola | 574

Ассалому алайкум! Ёшим 28 да, оилалиман. 1 нафар фарзандим бор. Аллоҳга шукр, яна ҳомиладорман. Қизлик давримдан бери жаҳлим тез, ноҳақлик бўлса чидолмайман. Мендан кичиклар ҳурматсизлик қилса ҳам уришиб қоламан ёки қаттиқ гапираман. Қайнонам ва эрим билан ҳам тез-тез уришиб қоламан. Уларни қилган ишлари ҳам менга ёқмайди, жанжаллашиб қоламан. Ҳаракат қиламан, ўзгара олмайман. Нима қилсам ўзгараман?


Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Аёл кишида бу каби ҳолат бўлишининг бир қанча омиллари мавжуд. Масалан генетикаси. Яъни ундаги бу ҳолат туғма бўлиши мумкин. Ҳайз кўриш олдидан кайфиятнинг ўзгариши ёки қалқонсимон безидаги ўзгариш албатта бутунлай организмда гормонал фонни бузади. Турли диеталар сабаб, кўп оч қолиш ёки нотўғри овқатланиш. Бу албатта аёл кишининг эмоционал фонига салбий таъсир кўрсатади. Яъни озуқавий моддалар етишмаса ва одам таом орқали буларни етказиб бермаса асабий ҳолат юзага кела бошлайди. Одамнинг кун тартибининг нотўғрилиги. Албатта бу ҳолат асабга тўғридан тўғри таъсир қилувчи омилдир. Негаки ҳеч нимага улгурмаслик, шошилиш, кеч қолиш, чарчаш, ишларнинг вақтида бажарилмаганлиги, уйқунинг бузилиши ёки кам уйқулик мана буларнинг барчаси  нерв тизимини қаттиқ чарчатади. Мана шуларни қайта кўриб чиқишингиз керак. Сизда қайсилари йўлга қўйилмаган. Нерв тизимини, асабни яхшилаш учун ромашка чой, илиқ ванналарни қабул қилиш, қийнамай ва оғритмай массаж олиш, вақтида ухлаш ва вақтида уйғониш, тўғри овқатланиш, кунни доимо режалаштириш, нафас олиш машқларини бажариш, оҳиста жисмоний машқларни бажариш ва ҳаказоларни қилиш керак. Валлоҳу аълам!