Ассалому алайкум! Ҳомиладорлик даврида кўп ухлашнинг сабаби нима? Бирор витамин етишмаслигиданми ёки ҳозирги баҳор мавсумидаги ҳаводанми? Яъни, халқимизда "илик узилди" дейишадику. Кўп ухламаслик учун нима қилиш керак? Бу фарзандга ўтмайдими? Яъни, фарзандим ҳам туғилгач кўп ухлайдиган бўлмайдими?
– Ва алайкум ассалом! Ҳомиладорлик вақтда ҳамда ҳозирги баҳор мавсуми даврида уйқунинг келиши нормал ҳолат. Организмга қулоқ солишни ўрганиб олиш керак. Фақат кундузи ва кечки уйқунинг жаъми 8-9 соатдан ошиб кетмаслигига эътибор бериб туриш керак. Ҳаддан зиёд кўп ухлайверилса депрессия, тушкунлик ҳолати юз бериши мумкин. Кўп уйқуликнинг сабабига келсак ҳомиладор аёлдаги бу ҳолат гоҳида то бола туғилгунича давом этиши мумкин. Чунки бўлажак она организмидаги барча энергетик заҳиралар она учун бегона бўлган жисм, яъни боланинг таркиб топишига юзланган бўлади. Бўлажак онадаги гормонал ўзгариш энг катта жисмоний ўзгариш бўлиб онанинг кун тартибига катта таъсир қилади. Масалан, прогестерон гормони аёл кишининг ҳаракатини секинлаштиради. Негаки онанинг жисмида шаклланаётган боланинг ривожланиши учун она организмида, ҳатти-ҳаракатидаги сокинлик жуда муҳимдир. Вазн ўзгариши, қон томирларидаги қоннинг бола учун кўпайиши, яъни жисмоний юк онанинг кучини анчасини олиб қўяди. Эмоционал фон ҳам онага салбий таъсир қилиб унинг кучини олиб қўяди. Буйрак ҳам икки киши учун ишлай бошлагани сабабидан, яъни қон миқдорининг кўпайиши сабабидан она тез-тез бавл қилади. Демак кечаси уйқуси тез-тез бузилади. Бу эса кундузи унинг ҳатти-ҳаракатига таъсир қилмай иложи йўқ. Шунинг учун бўлажак она ана шуларни инобатга олиб, ўзини мумкин қадар авайлаши керак. Яъни, бу кўп ётиши керак дегани эмас. Аксинча уйқусининг сифатли бўлишига эътибор қаратиб, аҳволи яхши бўлса кўп сайр қилиши, пиёда, шошилмай юриши керак. Албатта қулай ухлаши учун ҳозирда кенг қўлланилаётган хомиладор аёллар учун ёстиқдан фойдаланиши, кечки овқатга ҳазми оғир бўлмаган таомларни истеъмол қилиши, кўпроқ мева ва сабазавотларни истеъмол қилиши, кечқурун суюқлик ичишни чегаралаши керак. Агар ҳаддан зиёд уйқуси кўп келаверса у ҳолда шифокорга мурожаат қилиши керак. Негаки бунинг сабаби камқонлик, гемоглабин даражи пасайиб кетгани бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!