Маслаҳат беринг

05:21 / 14.03.2021 | Diyora | 855

Ассалому алайкум! Турмуш қурганимга 2 йилдан ошди. Турмуш ўртоғим билан ҳаётимиз яхши, нолимайман. Фарзандимиз ҳам бор, Алҳамдулиллаҳ. Лекин, турмуш ўртоғим тўйимиздан бери бир аёл билан телефонда гаплашадилар, кўришадилар. Ҳаттоки унга бир ярим йил олдин "ҳаётимдан мамнунмасман" деганлар. У аёл ҳам тинч қўймайди, эрим ҳам воз кечолмайдилар. "Бир тийинга қиммат мен учун" деб, гаплашаверадилар. "Сен ҳавотир олма, сенларни дейман", деб айтадилар. Нима қилсам эрим воз кечадилар? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Сиз у аёл ҳақида ўйлаганингиз сари у аёлнинг аёллик энергиясини ўстираверасиз ва ўзингизнинг аёллик энергиянгизни йўққа чиқараверасиз. Сизнинг ўз ҳаётингиз, ўз чегараларингиз бўлиши керак. Турмушга чиқдим деб бутунлай эрнинг ҳаётида қанд каби эриб кетмаслик керак. Сизнинг ҳам ҳаётингиз бор. Аллоҳ сизни сиз учун яратди. Охиратда ўзингиз учун ўзингиз жавоб берасиз. Шундай экан ўзингиз учун ҳам яшашингиз керак. Амалларингиз охиратингизга заҳира бўлиши керак. Ўзингизга вақт ажратингда ўз ибодатларингизни, зикрларингизни, севган машғулотларингиз билан шуғулланишингизни, илм-билим олишни, ўзингиз учун бирон чиройли кийим кийиб, ширинликлар тайёрлашларингизни, юз парваришлар учун, сочларингиз учун ниқоблар тайёрлаб суртишларингизни, ўсмалар қўйишингизни ва ҳаказоларни режалаштиринг. Шунда сизда аёллик энергияси ортади. Шунда сизнинг ўз чегараларингиз ҳосил бўлади. Эркак киши ана шундай аёлларга талпинади. Меҳрини борлиғича эркак кишига бериб юборадиган, ўзининг ҳаёти у учун бутунлай қадрсиз бўлган аёлни эркак киши ҳам қадрламай қўяди. Бу билан турмуш ўртоғингизни хизматларини қилманг демоқчи эмас. Аксинча унинг хизматларини чиройли адо этар экансиз бу амалларингиз билан Аллоҳнинг розилигини топасиз. Аммо ҳаётим фақат шундангина иборат деган нотўғри фикрда бўлмаслигингиз керак. Чунки сизнинг ҳам ҳаётингиз, амалларингиз, ибодатларингиз, қизиқишларингиз бор. Болаларни чиройли тарбиялашингиз учун сизда шунга яраша билим бўлиши керак. Ана шуларни ёдингизда доимо тутишингиз керак. Валлоҳу аълам!