Турмуш ўртоқ билан муомала

20:22 / 15.03.2021 | Fatima | 720

Ассалому алайкум! Яқинда турмушга чиқаман. Турмуш ўртоғимга қандай муомалада бўлай? Албатта, ҳамманинг жавоби "Яхши муомалада бўл, доим "хўп" дегин" бўлади. Тўғри, лекин қандай бўлади ўша "яхши муомала"? Ҳар доим ҳам "хўп" дейиш тўғрими? Турмуш қураётган қизларга қандай маслаҳатлар берасиз? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Нима иш қилсангиз ҳам Аллоҳ розилиги учун қилинг. Шунда ютасиз. Келинлик уйингиздаги хизматларингизнинг барчаси, меҳнатингиз охиратингиз учун заҳира бўлиб туради. Қайнонангиз ва қайнотангизни ўз ота-онангиздек яхши кўриб, меҳр беришга ҳаракат қилинг. Ҳар қандай ишига "хўб" дейиш яхши. Аммо нима нарсаларга "хўб" дейиш керак, нима нарсаларга сукут сақлаш керак, мана буларни ўша вақтда ўзингиз ажратиб оласиз, иншааллоҳ. Асосийси, гап қайтармай, табассумли бўлсангиз етарлидир. Қиз бола қайнона ва қайнотасини ўз ота-онасидек кўрса бу унинг ҳатти-ҳаракатидан, келин бўлган оила аъзоларига қилаётган муносабатларидан маълум бўлиб туради. Яхши муносабатни ҳар ким ҳам жуда яхши ажратиб олади. Ҳар доим қалбингизда гина-қудрат, миянгизда негатив ўй-ҳаёллар бўлмаслигига ҳаракат қилинг. Шунда бахтли бўласиз. Валлоҳу аълам!