Қизимнинг никоҳи боғланганми?

22:05 / 27.05.2021 | Нилуфар Амирова | 467

Ассалому алайкум! Қизимнинг никоҳидан ҳавотирдаман. Куёвим ҳам, қизим ҳам 19 ёш атрофида ЗАГСдан ўтган кунлари никоҳга ҳам боришган. Ёшлик қилиб катталарни келишини кутмасдан никоҳ ўқитишган. Гувоҳлар куёвни 15 ёшли синглиси, келиннинг 12 ёшли укаси, қизимнинг никоҳи боғланганми?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Никоҳда гувоҳлар икки эркак, ҳанафий мазҳабида икки эркак бўлмаса, бир эркак, икки аёл киши бўлса ҳам бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.

Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:

1. Ақл. 

Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.

2. Балоғатга етганлик. 

Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.

3. Ҳур. 

Қул гувоҳ бўлмаган.

4. Мусулмонлик. 

Ғайримусулмон киши гувоҳ бўлмайди.

5. Икки гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитишлари керак.

6. Гувоҳ адолатли – дини мукаммал бўлса, яхши бўлади. Бундай одам топилмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.

Никоҳ икки фосиқнинг ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Лекин уларнинг гувоҳлиги асари даъво пайтида ўтмайди.

Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам. Бошқа мазҳабларда фосиқнинг гувоҳлиги ўтмайди. Аммо ҳанафий мазҳабида юқорида зикр қилинган шарт ила унинг никоҳдаги гувоҳлиги қабул қилинган.

Никоҳ икки тарафнинг икки ўғли ёки бир тарафнинг икки ўғли ҳузурида тўғри бўлади.

Мисол учун, ажрашиб кетган эр-хотин ўзларининг икки ўғли гувоҳлигида ёки бирларининг икки ўғли ҳузурида қайта ярашсалар ҳам тўғри бўлаверади. 

Уларнинг гувоҳлиги ўзининг яқини фойдасига қабул қилинмайди.

Мисол учун, эрнинг икки ўғли гувоҳлигида никоҳ қилинди. Кейин эр-хотин орасида низо чиқиб, қозига мурожаат қилинди. Икки ўғилнинг гувоҳлиги отанинг фойдасига қабул қилинмайди. Аммо эрнинг худди ўша ўғилларининг гувоҳлиги хотиннинг фойдасига қабул қилинади. Чунки улар билан хотиннинг орасида қаробат – яқин қариндошлик йўқ.

Никоҳ икки зиммийнинг гувоҳлигида тўғри бўлади ва уларнинг гувоҳлиги мусулмоннинг зиддига ўтмайди.

Зиммий – Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин шахсдир. Агар мусулмон одам зиммий аёлга уйланаётган бўлса, икки зиммий эркакнинг гувоҳлигида қилинган никоҳ тўғри бўлади. Аммо кейинчалик мазкур эр-хотиннинг орасида низо чиқиб, ишлари маҳкамада кўрилаётганда зиммийларнинг мусулмоннинг зиддига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Агар вакил қилувчининг ўзи ҳозир бўлса, вакил гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган, бошқа одам унга валий қилинган қиз ҳозир бўлса, унинг валийси гувоҳ бўла олади.

Аммо вакил қилувчи ва валий қилувчи ҳозир бўлмаса, вакил ҳам, валий ҳам гувоҳ бўла олмайди. Чунки бу ҳолатда уларнинг ҳар бири ақди никоҳнинг бир тарафи бўлади. Никоҳдан ўтувчининг ўзи ақд пайтида ҳозир бўлса, унинг ўзи ақднинг бевосита эгаси бўлади. Бу ҳолда вакилнинг ҳам, валийнинг ҳам гувоҳ бўлишларига имкон туғилади. (Кифоя.)

 Валлоҳу аълам!