Ассалому алайкум! Ҳурматли Муслимаат.уз жамоаси! Жавобингиз учун олдиндан раҳмат! Турмушга чиққанимга 4йил бўлди, Аллоҳ кечирсин, ношукрлик қилаётган бўлсам, оиламни камчиликларини очаётганим учун жуда ҳам ҳижолатдаман, лекин ёрдамга, маслаҳатга муҳтож бўлганим учун сизларга мурожаат қиляпман. Шу 4йилдан буён ҳаловатим хотиржамлигим йўқолган.Сабаби, ўзим университетни тугатганман, қизлик оилам маъданиятли, диндан диёнатдан хабарлари бор, Алҳамдулиллаҳ, бизларни ўқитиб, тарбияни ҳам яхши берганлар. Ҳозирги оиламнинг муҳити умуман тескари, ҳар икки уч кунда жанжал, қишлоққа турмушга чиққанман, фақат иш қил уй ишидан ташқари мол, дала ишлари ҳам келинни зиммасида, ҳатто фарзанд тарбиясига ҳам вақт ажратолмайман. Боламни қўлимга олсам қўй болани, иш қил, болани ўзи катта бўлади дейди қайнонам. Ўзи болани жеркиб, қарғагани қарғаган, болам ҳам уйдан безиб қолган бобом-бувимникига(ота-онамникига) кетаман деб йиғлайди. Ўзим китоб ўқигим, боламга ҳам ўқиб бергим, боламга турли сабоқлар бергим келади, лекин уйга кирсам ҳаммани қавоғи уюлиб мен билан жанжал қилаверади, 5вақт намозга баазур кириб чиқаман. Уйда қайнонам нима деса шу бўлади қайнотам ҳам эрим ҳам укалари ҳам қайнонамга бўйсунади, у киши фақат бақир- чақир, биз келинларга буйруқ беради, бажарсак камини топади, бўш вақтида телефонда ёки қўшнилар билан ғийбатлашадилар, энг ёмони биз келинларини болаларига ҳам қариндошларга ҳам, қўшниларга ҳам ёмонотлиқ қилиб ташлаган. Эрим катта ўғил, кўчиб кетайлик, десам у ҳам мени сўкишга тушади ишдан ҳеч ким ўлмайди дейди, мени иш эмас носоғлом муҳит чарчатиб юборди, фарзандларимни келажаги ташвишга соляпти. Нима қилишга ҳам бошим қотган, уларни ўзгартиришга кўп ҳаракат қилдим, лекин барибир эплолмадим, чунки у ердаги нотўғри қараш, нотўғри тарбия чуқур илдиз отиб кетган. Нега бундай ибодатсиз, ахлоқсиз, фақат тирикчилик, ғийбат, жанжал билан умрини зое кеткизаётган оилага келиб қолдим деб афсусланиб кетаман, аммо тақдиримга шу битилган биламан. Мен ва фарзандларим бундай муҳитга мослашиб, тубанлашиб, гуноҳкор бўлиб яшашни хоҳламайман. Илтимос менга тўғри йўл кўрсатингизлар, умримизни мазмунли, хайрли, солиҳ амаллар билан ўтказишимиз учун қандай йўл тутай? Оиламни қандай соғломлаштирай? Ҳаммамиздан Аллоҳ рози бўлсин, Амин!
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ суйган бандаларига синов беради. Сизга келган бу синовга қилган сабрингиз учун қанчадан қанча ажр-мукофотлар бор. Турмуш ўртоғингиз энг катта фарзанд экан барибир шу уйдан бошқа уй-жой қилиб чиқиб кетишингиз керак бўлади. Бироз сабр қилсангиз бўлгани. Фарзандингизга келсак агар сиз тарбияни тўғри амалга оширсангиз сизнинг ҳозирги шароитингиз унга салбий таъсир кўрсатмайди. Аксинча катта бўлиб жамиятга қўшилгач ҳар турлик инсонлар орасида ўзини қандай тутишни, ким билан қандай муносабатда бўлишни яхши биладиган бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом мушрикларга Пайғамбар бўлмайман демаганларку. Ҳар турлик инсонлар орасида яшадилар ва уларни исломга тарғиб қилдилар. Уларнинг ичидан Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари учун муносабат қилишга қулай бўлганларни ажратмадилар. Барчани исломга тарғиб қилдилар. Сиз ҳам шу оилага бекорга келин бўлмагансиз. Улар учун сиз ибратсиз. Вақти келиб ибодат қилишларига, хулқини тўғирлаб тўғри йўлда юришларига сиз сабачи бўлиб қолишингиз мумкин. Валлоҳу аълам!