Ассалому алайкум! Аллоҳ илмингизни бунданда зиёда қилсин. Бир жойда ўқиб қолдим, агар Аллоҳ бир ишни ёки дуони ижобатини ортга сурса, кечиктирса ўша ишни қайта ўйлаб кўриш учун бандасига яна имкон беришлиги ҳақида динимизда бирор гап борми? Ўзи шу гапга амал қилиш қанчалик тўғри?
– Ва алайкум ассалом! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимки гуноҳ аралаштирмай, қариндошлик алоқасини узмай туриб дуо қилса, Аллоҳ унга бунинг сабабидан уч хислатдан бирини беради:
сўраганини тезда беради;
сўралган нарсанинг мислича яхшиликни унинг учун сақлаб қўяди;
сўралган нарсанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди».
Шунда одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ундай бўлса, (дуони) кўпайтирамиз», дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар».
Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган, Заҳабий саҳиҳ деган.
3944. Бизга Яҳё ибн Мусо ҳадис айтиб берди: «Бизга Абу Мовия ҳадис айтиб берди: «Бизга Лайс ибн Абу Сулайм ҳадис айтиб берди».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир кишики дуо қилса албатта унга ижобат қилинади. Ё дунёнинг ўзида қабул бўлади, ё охиратига захира қилиб олиб қўйилади, ёки дуо қилганича гуноҳларидан кечирилади, модомики гуноҳ қилмаса, силаи раҳмни узмаса ёки шошилмаса», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, қандай шошилади?», дейишди. У зот: «Роббимга дуо қилдиму, у қабул қилмади, деб», дедилар».
Мана шу санад орқали бу ғариб ҳадисдир. Валлоҳу аълам!