Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар. Иккита ўғлим Қуръон ёдлашмоқда. Катта ўғлим 14 ёш, кичкинаси 10 ёш. Иккаласига бир хил вазифа бераман ва эвазига уларни хурсанд қиладиган нимадир ваъда қиламан. Иккаласи ҳам ҳаракат қилишади, ҳатто катта ўғлим кўпроқ ҳаракат қилади, лекин кичкина ўғлим тезда ёдлаб оляпти. Натижада ёдласангиз, деб ваъда қилган нарсамни фақат кичкина ўғлимга беришимга тўғри келиб қоляпти. Шу ишимдан кўнглим тўлмаяпти. Менга маслаҳат берсангиз. Нима қилсам, адолатдан бўлади? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ ҳаммангиздан рози бўлсин.
— Ва алайкум ассалом. Рағбат яхши нарса, бу болаларнинг ёшида фарқи катта, бири ўсмир, бири болаликнинг охирги дамларида. Ўсмирни ўзига хос физиологик, психологик ўзгаришлари кузатилади, қизиқишлари ўзгаради, иштиёқ дунёвий нарсаларга ошади. Дангасалик, бўйсунмаслик, ўзини ҳудудига эга бўлишни исташ, ўз фикрини ўтказиш, худбинлик ёки кўнгилчанлик, ишонувчанлик ва ҳоказо. Шунга эътиборли бўлинг, оналар ҳар икки фарзандини бир хил рағбатлантириши бироз нотўғри. Ўсмир фарзандига кўпроқ меҳр ва эътибор бериш, қизиқишлари билан қизиқиш, хоҳлаётган нарса ёки ишини маъқуллаб, чегарани сақлаган ҳолда рухсат бериш, масалан, телефон, компьютер ўйинлари, кўчада футбол ўйнаш ва бошқалар. Агар буларга тақиқ қўйилса, бола юклатилган вазифани атайин бажармасликка ё чала қилишга уринади. У сабабини “бошим оғриди”, “эслаб қололмаяпман”, “чарчадим” каби баҳоналар билан ёпади. Шунинг учун она айнан шу боласини "нозик хоҳишини" аниқлаб олса, шу томондан вазифани бажартира олади, иншааллоҳ.
10 ёшли бола эса ҳали эгилувчан, ота-онасига ёқишга ҳаракат қилувчи даврда ва акасидан кўра биринчи бўлишга интилаётган рақобатбардордир. Шунинг учун бир-икки йил ичида унинг бу "итоатли" феълидан унумли фойдаланиш даркор.
Телефон ўйинларини батамом тақиқлаётган ота-оналар болани бу хоҳишдан ўзи воз кечишига тарбия ва намуна орқали эришишлари мумкин ёки фойдали ўйинларни танлаб, бирга ўйнаб, ҳам интелектини оширишади, ҳам эҳтиёжини қондиришади.