Кечириш

21:35 / 18.07.2021 | Nilufar | 332

Ассалому алайкум! Бу саволни беришдан олдин жуда кўп ўйладим. Умид қиламан тўғри йўл ва тўғри маслаҳат оламан. Турмушга чиққанимга 6йилдан ошди. Сабр билан фарзанд беришини кутмиқдамиза. Алҳамдиллаҳ бахтлиман, муҳтожлик ёки бошқа ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Яхши ёмон кунларда турмуш ўртоғим билан ёнма-ён турдик. Лекин... Яқинда билиб қолдим турмуш ўртоғим менга ҳиёнат қилибдилар. Аллоҳдан уларнинг зиносини кечиришини сўраб дуодаман. Товба қилдим бошим деворга тегди деб кечирим сўрадилар. Лекин қалбим ҳотиржам эмас. Кечирдим деб уйга қайттим лекин ҳудди ҳўрлангандек ҳис қилмоқдаман. Илтимос ҳам исломий ҳам психологик маслаҳат беринг. Нима қилай? Турмуш ўртоғимни жуда яхши кўраман. Ёлғонни қандай унутай?

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Албатта унутасиз. Фақат бунга яна бироз вақт талаб қилинади. Сабр қилиш керак бўлади. Ҳар ким бу дунёда ўзининг умрини яшаб ўтар экан ўз хатоларини, гуноҳларини қилиб ёки тақволик умр кечириб шариатда ножоиз деб ҳисобланган ишлардан ўзини эҳтиёт қилиб савоб амалларини кўпайтириб юришга ҳақли. Ким қайси йўлни танласа шунга мувофиқ умр кечиради. Турмуш ўртоғингизнинг ҳаёти бу унинг шахсий ҳаёти. Жисми унинг жисми. Ҳиёнат қилган экан аввал ўз жисмига Аллоҳ омонат қилиб берган жисмига ҳиёнат қилибди. Сиз бунга куюниб кетманг. Уни айблаб уни ҳам ўзингизни ҳам қийнашингиздан энди фойда йўқ. Сиз ўзингизнинг жисмингиз учун куюнишга, уни парвариш қилишга, Аллоҳнинг бу омонатини яхши сақлашга ҳаракат қилинг. Илм олишга, билимларингизни кўпайтиришга, соғлигингизга эътиборлик бўлишга интилинг. Бўш вақт топилиши билан дарров ўз севган машғулотларингиз билан шуғулланинг. Турмуш ўртоғингизга ҳидоят сўраб дуоларда бўлинг. Шариатимизда, динимизда айтилган савоб амаллар ҳақида ўқиган билганларингизни гапириб беринг. Шунчаки янги маълумот олдим дея гапириб беринг. Зинҳор ақл ўргатманг. Уни айблашдан кўра иймонига ижобий таъсир қилиш учун шундай қилингани маъқул. Шунда турмуш ўртоғингизнинг гуноҳлари ҳақида ўйлайвермайсиз аксинча турмушингизнинг янада фаровон бўлишига сабабчи бўласиз. Валлоҳу аълам.