Онам билан муносабат

11:01 / 19.07.2021 | Mahfuza Mirqayumova | 318

Ассалому алайкум! Ассалому алайкум! 17 ёшдаман. Ўзим беҳабар жуда қўпол ва жахилдор бўлиб қолибман. Жахлимни тийиш мақсадида кўпинча жим туриб ҳечнима бўлмаётгандек тутаман ўзимни. Базан ёшболадек базан катталарча фикрлайман. Кўпинча қилаётган ишимни тўғри ёки нотўғри эканини ўйлаб кейин қиламан(хато қилишдан эхтиёткорман). Лекин онам билан сухбатга келганда бунинг акси бўлиб қоламан. Бугун жуда ёмон аҳволга келиб қолдим. Онам билан бир биримизни тушунолмаймиз. Улар онани ҳурмат қилишинг керак деб уқтирсалар, ман бироз бўлса ҳам мани тушунишга ҳаракат қилинг деб баъзан зорланиб гапираман баъзан бақириб. Шу кўринишда иккимиз ҳам ўз фикримзда қоламиз ва уқтирамиз. Бу бир биримизни оловдек ёндиришимиздир. Улар билан кам сухбат бўлади. Бўлса ҳам узоқ вақтга чўзилса жанжалга айланади. Бу учун ман ҳоп деб турсам ҳам ёки жим турсам ҳам базан онамни асабийлаштираман, базан эса жим туролмай ёниб жахл қилиб юбораман. Жанжаллашамиз. Лекин онамни жуда қаттиқ яхши кўраман. Уларни асабийлашишларини умуман истамайман. Бироз асабийлашсалар ҳам улар учун ичимда еғлайман. Бугунги жанжалда хатто уришга етиб келдилар. Жуда қаттиқ ва тушунарсиз катта ғазаб билан ўзларини тутолмай мани урдилар. Ман бўлсам "сухбатимизни" уриш даражасигача олиб келиб қўйганимни сезмай қолибман. Кейин онам қизимни урдим деб ўзларидан ҳафа бўлдилар. Ман бўлсам ҳар қандай вазиятда ҳам онамни ҳафа қилмаслигим кераклигини, ман учун кўз ёш тўкаётганларини ва онамни қийнаётганимни ўйлаб ичимдан емирилдим. Ёшлигимдан аёл ожиза деган гапни атрофда тинмай ишлатишади. Бу эса вужудимга нафрат сингдирдими ё бошқа сабабми билмайман. Онам ҳам ожизасан дедилар ва ман жахл билан ожизалик бу даражада эмаслигини айтдим ва ҳақиқий ожизани сиз ясабсиз деб бақириб юбордим. Ўзимни тарбиялашни истайман. Бу учун турли нарсаларни ўйладим. Онам мани дунёга келтирганларини, улғайтирганларини ва энди эса ман уларга хизмат қилишим кераклигини ўйладим. Жуда еғладим, қилган ишларимдан афсусландим, лекн яна сухбат бўлса буларни бари эсимдан чиқиб яна жахлимни жиловлай олмайман. Ўзимни айбимни кўрмай қоламан. Ўзимни тарбиялашга кўп урундим, тарбиялай олмадим ёки нотогри ҳаракат бўлди. Аввало Аллохга кейин еса Маслахатга, насихатга мухтожман. Олдиндан сизларга ва жамоа аъзоларига минг рахмат.!

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Психолог қабулига боришингиз керак. Бу агрессия даражасига боришингизга аслида бошқа нарсалар сабаб бўлаяпти. Ана шуларни тагига етиш керак. Сизнинг туғилиш жараёнингиз, онангиз сизга хомиладор бўлганида бўлган шарт-шароитлар, она бола муносабатларингиз чақалоқлигингиздан бошлаб қандай даражада бўлган, отангиз борми, ака ука опа сингилларингиз борми, қандай касалликлар ўтган бошингиздан ана шулар ҳақида гаплашиб олиш керак. Сўнг бу агрессиянгизнинг келиб чиқиш сабабини билса бўлади. Ҳозирча эса вақтлироқ ухлашни тавсия этаман. Негаки уйқу вақтида бўлмаса, сифатлик бўлмаса одам агрессив бўла бошлаши, тушкунликка тушиб қолиши мумкин. Таомларингизга эътибор қилинг. Ширинликлар кўп истеъмол қилинаётган бўлса одамда инжиқликни кучайтириб юборади. Аччиқ қалампир кабилар ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилинса одам сержаҳл бўлиб қолади. Билим олишга иштиёқингизни кўпайтиринг. Одам билим олиб турмаса ундаги ҳурсандчилик гармони серотонин ва дофаминлар ҳам етарлик бўлмайди. Бу эса албатта кайфиятга, асабга таъсир кўрсатади. Инсонга Аллоҳ ақл-идрок, тафаккурдек неъматларни берган. Қуръонда ҳам бу ҳақда кўпгина оятлар такрорланади. Шундай экан сиз ҳам бу неъматларни қўллай билишингиз керак. Ғазаб келса ҳам она қаршисида турганда Аллоҳ неча миллионлаб инсонларнинг ичидан айнан шу аёлни сиз учун она қилиб танлаб олгани ҳақида, фарзандлик бурчини адо этиш, онангизнинг дилини изтиробга қўйишингиз орқали қанчалар гуноҳлар ёзилаётгани ҳақида ўйлаб туришингиз керак. Унинг хизматларини ҳолис бажаришга ҳаракат қилинг. Дуосини олинг. Ота-она рози бўлсагина фарзанд умридан, касбу-коридан, соғлиги ва бахтидан барака топади. Валлоҳу аълам.