Ассалому алайкум! Менга Роббим уч нафар фарзанд берган алҳамдулиллаҳ, ёшим 29 да. Энди 4-ҳомила бўлиб қолибди, фарзанд буюк бир неъмат алҳамдулиллаҳ. Ҳозирда 8 ҳафталик экан, витаминлар ичиб ўзимга қараб юрибман, барибир токсикоз давридалигим учун муаммолар учраяпти. 3-туғруқда анчагина қийналганман, шунинг учун қандайдир қўрқувми ҳадиксирашми ёки тушкунликми мени безовта қилади. Сизларни безовта қилаётганим сабаби, менга шу ҳолатимда доимий айтиб юришим учун маълум бир дуо ва зикрларни ўргатсангизлар, туғилажак фарзандим дини исломда ўз ўрнига эга бўлган, Аллоҳ буюрганига итоатда юрадиган солиҳ ёки солиҳа бўлишини жуда истайман. Сизлардан Аллоҳ рози бўлсин раҳмат!
– Ва алайкум ассалом!
ҚЎРҚИНЧ ВА УИҚУСИЗЛИКНИ МАН ҚИЛУВЧИ ДУО
4673. Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирингиз бирортангиз уйқусида қўрқса, «Аъуузу бикалиматиллаҳит таамаати мин ғазабиҳи ва иқобиҳи ва шарри ибодиҳи ва мин ҳамазатиш шаятийни ва ан яҳзуруни», десин. Шунда унга улар зарар етказа олмайдилар», дедилар.
Ибн Умар ана шуни болаларидан балоғатга етганига ўргатар, балоғатга етмаганларига эса бир нарсага ёзиб, бўйнига осиб қўяр эди».
«Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Уйқум қочиб, кечаси билан ухламай чиқаман», деди.
«Қачон ётар жойингдан ўрин олсанг, «Аллоҳумма, Роббас самаватис сабъи ва маа азаллат ва Роббал аразийна ва маа ақаллат, ва роббаш шайятийна ва маа азоллат. Кун лия жоран мин шарри холқика куллиҳими жамийъан ан яфрута алайя аҳадун ав ан ябғия алайя. Азза жорука ва жалла саноука ва лаа илааҳа ғойрука ва лаа илааҳа илла анта», дегин», дедилар».
Термизий ривоят қилганлар. Валлоҳу аълам!