Ассалому алайкум! Менга бир табиб ароққа женшенни тўғраб солиб, 40 кун қоронғуликда сақлаб иммунитетни кўтарувчи настойка тайёрлашни ўргатганди. Аммо уни истеъмол қилиш шариатда қанчалик тўғри, билмайман. Шубҳаларим бор. Шу борада фикрингизни билмоқчи эдим. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин.
– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир хамр унинг миқдори оз бўладими, кўп бўладими динимизда ҳаром қилинган. Ароқ ҳам хамрлар сирасидан, у 10 кун сақланса ҳам, 40 кун сақланса ҳам, дори таркибида бўлса-ю бўлмаса ароқлигини йўқотмайди! Иммунитетни рағбатлантирувчи воситалар жуда кўп ва хусусан женьшень таркиблиги ҳам. Масалан, Алфагин, Элеутерококк тутувчи дорилар.
Яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчи эдим: Аллоҳ инсонни мукаммал иммун тизими билан халқ қилган! Ва билиб-билмай иммунитет ишларига аралашиш гоҳо аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шифокор эканимга қарамай амалиётимда иммунрағбатловчи ёки иммуношакллантирувчи (иммуностимулятор ва иммуномодулятор)ларни камдан-кам тавсия қиламан. Сабаби иммунитетни стимулловчи дориларни буюришдан аввал пациентнинг реал вақтдаги иммунограмма анализини ўтказиш ва беморда аутоиммун касалликлар, онкологик касалликлар бор- йўқлигини албатта билиш керак. Айтайлик, сиз женьшень настойкасини иммунный статусни текширмай туриб ёки яширин онкологик хасталиги мавжуд пациентга бердингиз, у ҳолда бемордаги онкологик касалликни тезроқ ривожланишига замин яратган бўласиз, ўзингиз билмаган ҳолатда. Агар беморда аутоиммун тиреоидит касаллиги бор бўлса, табиийки у кўзга ташланмайдиган ички касаллик, хатто шифокорлар гормон тахлиллари ва УЗД сиз уни аниқлай олмайдилар, бу настойка аутоиммун жараённи кучайтириб қалқонсимон безни ўзини ўзи емиришига - аутолизисга олиб келади. Шу сабабли иммун тизими ишига билиб-билмаган ҳолда аралашмаган маъқул.
Ва ҳаром аралашган дориларнинг ҳалол муқобилларини излаш доимо шарт. Агар касаллик унга ҳалол муқобили топилмаган ҳаром билангина тузалиши ва бусиз касаллик ўлим билан тугаши аниқ бўлса ҳаром дорига рухсат берилган. Валлоҳу аълам!