– Ва алайкум ассалом!
Соҳиби узр кишиларнинг ҳукмлари
1. Ҳар намоз вақти кирганида янги таҳорат олишлари шартдир
2. Ўша таҳорат билан намоз вақти чиқиб кетгунича ҳоҳлаганча фарз, қазо, нафлларни ўқий оладилар.
3. Намоз ўқиётганларида юқоридаги сабабларнинг бири туфайли таҳоратлари кетса ҳам улар таҳоратли ҳисобланадилар.
4. Намоз вақти чиқиши билан таҳорат кетади. Янги намозга янги таҳорат қилиш шартдир.
5. Пешин вақти киришидан илгари янги таҳорат олган бўлса, пешин вақтининг кириши таҳоратини синдирмайди. Бошқа намозларда эса бундай эмас. Чунки уларда бир намоз вақтининг кириши билан бирга аввалги намознинг вақти чиқади. Намоз вақтининг чиқиши таҳоратни синдиради.
6. Соҳиби узрларнинг узрларидан бошқа таҳоратни кеткизувчи сабаблар топилса, таҳоратлари кетади. Масалан бурун қонаши билан узрли бўлган кишидан ел чиқиши билан таҳорати синади.
7. Узрли кишилар вақт киргандан то чиқиб кетгунича янги таҳорат олсалар, махсисига масх торта оладилар. Лекин кейинги намоз вақтига оёқларни аювишлари шарт!
Аммо таҳорат олишни бошлаганидан то махсисини кийиб бўлгунича узри келмай, таҳорат қилиб, махсисини кийиб олган бўлса, кейинги намоз вақтида ҳам махсисига масх тортса бўлади. соғлом одам каби махсисини тўлиқ таҳоратли ҳолда кийгани учун.
8. (Қоида: узр туфайли олинган таҳоратни узр синдирмайди, лекин узрдан бошқа сабаб олинган таҳоратни узр синдиради)
Истиҳоза қони туфайли узрли бўлган аёл таҳорат қилди сўнг масалан 30 дақиқа истиҳоза қони тўхтади. ўша 30 дақиқанинг ичида бавл қилгани туфайли таҳорати синса ва янги таҳорат олса, сўнг истиҳоза қони келса, таҳорати кетади. Чунки бу ўринда иккинчи таҳорат соҳиби узрга айланган узри туфайли бўлмаган, балки бавл қилгани туфайли бўлган эди.
9. Истиҳоза қони тўхтаб турган пайтда бавл қилди ва янги таҳорат олди. Сўнг таҳорат олган намоз вақти чиқиб кетди. Лекин истиҳоза қони келмади. Бу суратда ҳам вақтнинг чиқиб кетиши бавлдан қилган таҳоратини синдирмайди.
10. Пешиннинг аввалги вақтида истиҳоза қони келиб тўхтади. қон тўхтаб турган вақтда истиҳоза қони учун янги таҳорат олди. Сўнг пешин вақти чиқиб кетди. Лекин истиҳоза қони келмади. Бу вақтда ҳам пешин вақтининг чиқиб кетиши унинг таҳоратини синдирмайди.
11. Бурнидан қон келиб турадиган узрли кишининг бурнининг бир тешигидан қон келди, таҳорат олгач бурнининг бошқа тешигидан қон келса таҳорати синади.
12. Бурнининг иккала тешигидан қон келадиган узрли киши таҳорат олгач бир тешигидан қон келиши тўхтаса, таҳорати синмайди.
13. Баданидаги тошмалардан ёки бир неча жароҳатидан сув ёки йиринг чиқиб турадиган киши таҳорат олаётганда уларнинг баъзисидан чиқиб, баъзисидан тўхтаб турган бўлса, таҳорат олгандан сўнг тўхтаб турганларидан сув чиқишни бошласа, таҳорати синади. Агар таҳорат олаётганда ҳаммасидан сув ёки йиринг чиқиб турган бўлса, сўнг вақт чиқиб кетгунича биридан тўхтаб, бошқасидан сув чиқиб турса таҳорати синмайди.
14. узрли кишилар узрларини тўхташишни имкони бўлса тўхтатишлари шарт ва бу билан узрлилар сафидан чиқиб турадилар.
15. тик турганда узри келиб, ўтирганда келмаса, ўтирган ҳолда намоз ўқийди. Шунингдек, тик туриб қироат қила олмаса ва ўтирган ҳолда қироат қила олса ўтирган ҳолда қироат қилиб намоз ўқиши зарурдир.
16. ётган ҳолда намоз ўқиганда узри келмаса, туриб ё ўтирга ҳолда узри келса, ётмасдан, туриб ё ўтирган ҳолда намоз ўқийди.
17. узри келиб турадиганларнинг кийими ёки намоз ўқийдиган жойига дирҳам ёки ундан кўпроқ нажосат тегса, унинг ҳукми: агар намозини ўқиб бўлгунча қайта нопок бўлмаса, аввалгисини ювиши шарт. Агар қайта нопок бўлса, ювиши зарурий эмас.
Савол: Бир кишининг бавосил касали бор. Тик ҳолида таҳорати синмайди. Агар рукуъ ва сажда қилса, орқасидан нарса чиқиб кетади. Шундай киши тик ҳолда имо ишора билан намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: Агар ўша жойга бирор нарсани қўйиб олса ташқарига нарса чиқмаса, қўйиб олади. Агар қайсидир шаклда ўтирса нарса чиқмаса, ўтириб имо ишора билан ўқиши афзадир. Ундай имкон бўлмаса, тик ҳолда имо ишора билан ўқийди.
لو كان بحال لو صلى قاعدا يسيل بوله أو جرحه ولو صلى مستلقيا لا يسيل منه شيء فإنه يصلي قائما بركوع وسجود كما نص عليه في المنية
قال شارحها لأن الصلاة بالاستلقاء لا تجوز بلا عذر كالصلاة مع الحدث فيترجح ما فيه الإتيان بالأركان
Агар ўтириб намоз ўқиса, бавл чиқадиган ёки жароҳатидан нажосат чиқадиган бўлсаю, чалқанча ётиб ўқиса чиқмайдиган бўлса, тик туриб рукуъ ва сажда билан намоз ўқийди. Муния китобида шундай матн келган.
Муниянинг шориҳи: Узрсиз чалқанча ётиб намоз ўқиш бетаҳорат намоз ўқиш каби жоиз эмас. Шунинг учун рукнни адо қилса бўладиган ҳолат ғолиб бўлади. (тик туриб намоз ўқишда қиём рукни топилади). Роддул мухтор
Валлоҳу аълам!