Ассалому алайкум! Бу масала бўйича тўғриси кимдан сўрашни билмадим охири сизларга ёзишга қарор қилдим. Оилалиман, 2 та фарзандим бор. Хўжайиним жуда яхши, тарбияли инсон, Алҳамдулиллаҳ, намоз ўқийдилар, араб тилида сураларни ҳам бемалол ўқийдилар. ишлари топишлари ҳам жуда яхши, алҳамдулиллаҳ. Аммо шу пулни ҳар ойлик олганларида ҳаммасини қайнотамга берадилар. Пуллар йиғилиб уй олиш ниятидалар ва бу нарса 5 та уй олгунимизча давом этади. Ишларидан ташқари шу бизнесни йўлга қўймоқчилар кейин ҳаммасидан квартира пули келиб туради дейдилар. Сизлардан сўрамоқчи бўлганим шуки, мен ҳар ой ҳўжайинимдан ойлик олгунларигача менга шу-шу нарсаларимга пул керак, фарзандларга кийим кечаклар ўзимга ҳам бази бир нарсалар керак, деб айтаман хўп-хўп, деб ойлик олишлари билан ҳаммасини қайнотамга берадилар. Шу ой мен рўмол ўрамоқчиман, менга кийим, рўмоллар учун пул беринг, десам ҳам бермадилар. Шу масалада тортишиб ҳам қолдик ўзимиз ишлатишимиз учун ҳам пул олиб қолинг десам йўқ мен пул ишлатишни билмайман Отамда туради керакли нарсангни Отамдан сўраб олавер, дейдилар. Менга қайнотадан пул сўраш ғалатироқ. Мен учун эрим пул беришини, ҳеч бўлмаганда ҳар ой эмас 3 ойда бир эҳтиёжимизга керакли нарсалар учун пул беришларини сўрашим нотўғрими? Ҳаттоки ҳайз келганда ишлатиладиган нарсаларни ҳам қайнотамнинг пластикларидан оламан шу нарсалар тўғрими? Кўп нарсаларимни ота онам туғилган кун ёки байрамларда олиб беришади, энди уларга ҳам менга ҳеч нарса керак эмас, деб қайтариб юбормоқчиман. Фарзандларимга ҳам туғилган кунларида жуда кўп кийим кечаклар олиб келишади. Мен умр йўлдошим менга ҳеч нарса олиб бермаганлар демоқчи эмасман, улардан норози ҳам эмасман, лекин шундай вақтлар бўлади, қарз олишга, ота онамдан сўрашимга тўғри келади. Қайнона қайнотамдан сўролмайман улардан фақатгина рўзғор учун сўрайман. Мен нотўғри фикрлаяпманми? Илтимос менга ёрдам беринг тўғри йўл кўрсатинг ва маслаҳат беринг!
– Ва алайкум ассалом! Эрингиз бериши керак, сиз ва фарзандлар эҳтиёжлари учун. Уй олиш, безнес қилиш иккиламчи масалалар. Сизларга нафақа қилиши эса фарз. Сиз уйингиздагилардан ҳеч нарса олманг. Эрингиздан талаб қилинг. Валлоҳу аълам!