Турмуш қуриш

12:36 / 29.01.2022 | Шохиста | 1812
Ассалому алайкум! Мен 31 ёшдаман. Турмушга чиқолмадим шу пайтгача. Шахсий хаётда хеч омадим чопмаган. Турмуш қуриш бобида қотиб қолганман. Мухаббатда хам, шахсий муносабатларда хам омадим келмаган. Доимо дуч келган йигитлар чин ошик тилидан гапиради, бироқ учрашиб бошлагандан кейин тили бошқа дили бошқа бўлиб чикади. Факат фойдаланиш учун гаплашганлиги аён бўлади. Кўнглимни синдириб, калбимга озор бергани колади, холос. Гохида менга умуман ёкмайдиган инсонлар муносабатларни таклиф килади. Балки улар мени алдамас, хатто танишишни хам хохламайман. Чунки кўнглимга ёкмаган инсон билан кандай умрбод яшашим мумкин дейман. Ёктирган йигитлар билан хам, агарда нияти жиддий бўлса қандай қилиб турмушга чиқаман деб қўрқаман. Мени камситадигандай туюлади, ёки барибир менга уйланмайди, факат умид бериб, яна бир калб оғриғини қолдиради деб ўйлайвераман. Совчи қўйса хам ота-онаси олиб бермаслигидан қўрқаман, чунки бир опам бор рухий касал, бир опам эса болаликдан тери касаллигига дучор бўлган. Учта опам хам турмушидан ажраган, акам хам икки марта уйланиб ажрашган. Битта жияним эса туғма эшитмайдиган туғилган. Умуман оилавий холатим билан танишгач, ташлаб кетади деган ўй тинч қўймайди. Маслахат беринг.
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Чин муҳаббат никоҳдан кейин пайдо бўлади. Тўйдан олдин сизга яхши ёки ёмон кўринган инсоннинг тўйдан кейин, бир ёстиққа бош қўйиб яшай бошлангандан кейинги вақтда бутунлай бошқача ҳолатлари кўрина бошлайди. Сиз хотиржам бўлишингиз учун генетик шифокор қабулига бориб келажак авлодингизда туғилажак фарзандларингизга қариндошларингиздаги бу ҳолат қанчалик таъсир кўрсатиш эҳтимоли борлигини билиб олишингиз керак. Сўнг шунга қараб хотиржамлик билан келган совчиларга очиқ ойдин генетикнинг ташҳисини ошкор қилсангиз бўлади. Бу амалингиз шариатга мувофиқ иш бўлади ҳамда масала очиқ ойдин қилингани иншааллоҳ савобли иш бўлади. Аввал хотиржам бўлиб олинг. Дуо ва зикрларда муқим бўлинг. Тақдирингизга битгани бўлади. Суннатга мувофиқ яхшилик гумонида бўлишга ҳаракат қилишингиз керак. Бунинг учун доимо табассум қилишга, инсонларнинг яхши фазилатларига эътибор қилиб ёмон томонларига эътибор қилмасликка, билимларингизни оширишга, кўп китоб ўқишга, инсонларга фойдангиз тегиши мумкин бўлган бирон иш қилиш ҳақида кўпроқ ўйлашга ҳаракат қилинг. Бу амалларингиздан кейин иншааллоҳ ҳаётингиздан, умрингиздан барака топасиз. Валлоҳу аълам!