Қуръон ўқиш

04:53 / 20.12.2021 | Turgʻunova Zilola Voxidjon qizi | 730
Ассалому алайкум. Қуръоннинг ўзбек тилидаги маънолар таржимасини ният билан ўқиб чиқилса Қуръонни хатм қилганга ўтадими? Ёки Қуръонни хатм қилиш учун фақат араб тилида ўқиш керакми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! «Хатм» тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради. «Хатми Қуръон» деганда Қуръони Каримни бошдан-оёқ тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди. Шунингдек, Қуръонни ўзи нозил бўлган тилда – араб тилида ўқиб чиқилгандагина, хатми Қуръон қилган ҳисобланади, таржима ё тафсирини ўқиб чиқиш, гарчи буюк ажру савобларга эга амал бўлса да, хатми Қуръон саналмайди. Чунки Қуръоннинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ таолодан. Уни бошқа тилга ўгирилганда маъноси ифода топса ҳам, лафзи ўзгаради, бузилади ва Қуръонлиги йўқолади.

Хатми Қуръон қилиш суннат амалдир. Ҳар бир мусулмон Қуръонни хатм қила олиш билимига эга бўлиши шарт. Уламоларимиз айтадиларки, мусулмон киши Қуръонни узоғи билан қирқ кунда ёки бир ойда бир марта хатм қилиши керак, хатм муддати бундан ўтиб кетса, макруҳ иш қилган бўлади, макруҳ амалнинг гуноҳи бўйнига тушади.