– Ва алайкум ассалом!
ТИЛОВАТ САЖДАСИ
Қуръони Каримнинг ўн тўртта сурасидаги (баъзи мазҳабларда Ҳаж сурасининг икки жойида дейилади) сажда оятлари ўқилганда ёки бошқанинг оғзидан эшитганда қилинадиган сажда амали «тиловат саждаси» дейилади.
Сажда оятларини ўқувчи ҳам, эшитувчи ҳам сажда қилиши вожиб бўлади. Унинг вожиб бўлиши шарти намоз вожиб бўлишидаги аҳлийлик кабидир. Аҳлийлик – мусулмон, балоғат ёшига етган, таҳоратли (ҳайз, нифосдан пок) бўлишдир. Сажда оятларидан бири ўқилгач, уни эшитувчи ва ўқувчи учун баъзан кенг вақтда ва баъзида тез фурсатда сажда қилиб олиш вожибдир. Агар сажда ояти намоздан ташқарида ўқилса ва ёки эшитилса, уни бажариш учун фурсат кенгроқ бўлса, кечиктирган киши гуноҳкор бўлмайди. Аммо ҳаётининг охиригача кечиктириб, сажда қила олмай вафот этса, гуноҳкор бўлади. Уни кечиктиришнинг ҳукми енгил макруҳдир. Агар сажда ояти намоз ичида тиловат қилинса, бу ҳолда уни адо этишни кечиктириб бўлмайди, балки вақт ўтказмай, сажда қилиш вожиб бўлади.
Агар қасддан сажда қилмаган бўлса, гуноҳкор бўлади. Чунки уни адо қилиш фурсати оздир. Шу вақтнинг ўзида саждани қилиб қўйиш лозим. Намоз ичида сажда тиловати ўқилса-ю, сажда қилинмаса, унинг қазоси намоздан сўнг адо этилмайди. Сажда оятлари суранинг ўртасида ёки охирида бўлиши мумкин. Агар сажда ояти суранинг ўртасида бўлса, намозхон уни қироат қилиш билан тўғри саждага бориши афзалдир. Бир марта сажда қилгандан сўнг яна қиёмга туриб, сурани охирига етказади ёки шу сурадан намозга кифоя қилгудек оятларни қироат қилади-да, рукуъга боради. Агар сажда қилмаса, фурсатни ўтказиб юбормай, рукуъ қилаётганда сажда ояти учун қилинадиган саждани ҳам ният қилади. Рукуъ оят саждаси ўрнига ҳам ўтади. Аммо сажда оятидан сўнг вақтни ўтказмай, ўша заҳоти сажда қилган кишига оят саждасини ният қилиш шарт эмас. Мабодо сажда қилиш фурсати ўтиб қолса-ю, модомики у намоз ичида экан, рукуъ билан ҳам, сажда билан ҳам сажда оятини ўқигани учун қилинадиган саждани адо қилмайди, балки шу намознинг ўзида хос битта сажда қилади.
Агар сажда ояти суранинг охирида бўлса, намоз ичида уни ўқиш билан орқасидан саждани ҳам ният қилиб рукуъ қилиш афзалдир. Демак, мана шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ўтар экан. Аммо сура охиридаги сажда оятини ўқиб, кейин тўғри саждага борса, саждадан кейин яна қиёмга қайтади ва шу сурадан кейинги сурадан бир неча оят ўқиб, сўнгра рукуъ қилади-да, намозини охирига етказади.
Сажда тиловатини эшитувчи хоҳ ўқувчининг ёнида туриб эшитсин, хоҳ узоқроқдан, (яъни микрофон орқали эшитсин) фарқи йўқ, барибир сажда қилиши вожиб бўлади. Бунинг акси ўлароқ, эшитувчи сажда оятини балоғатга етмаган гўдакдан ёки мажнундан ёки овоз ёзувчи мосламадан эшитса, унга сажда қилиш вожиб эмас. Чунки тиловат аслидан эмас, балки унинг аҳли бўлмаганлардан содир бўлмоқда.
Битта сажда оятини бир ўринда кўп бор такрорласа ҳам, бир марта сажда вожиб бўлади. Аммо жой ўзгарса, ҳар бир жой учун алоҳида сажда қилиш лозим бўлади.
Тиловат саждасини қилиш учун ҳам намоздагидек шартлар лозим бўлади. Фақат бунда такбири таҳрима бўлмайди. Тиловат саждаси жаҳрий икки суннат такбири ўртасидаги ва икки мустаҳаб қиём орасидаги бир марта қилинадиган саждадир. Икки қўл кўтарилмайди, ташаҳҳуд ўқилмайди ва салом ҳам берилмайди. Балки (тик турган ҳолида) такбир айтиб, саждага йиқилади. Унда тасбеҳ айтиб, сўнг такбир билан яна қиёмга қайтади. Лекин қайта қиёмга қайтиш мустаҳабдир.
Саждада «Субҳана Раббиял аъло» деб уч бора айтилади. Унга қўшиб ушбу дуони ўқиш ҳам мустаҳабдир.
اللَّهُمَّ اجْعَلْهَا عِنْدَكَ ذُخْرًا، وَأَعْظِمْ لِي بِهَا أَجْرًا، وَضَعْ عَنِّي بِهَا وِزْرًا، وَتَقَبَّلْهَا مِنِّي كَمَا تَقَبَّلْتَهَا مِنْ دَاوُدَ عَلَيْهِ السَّلَامِ.
«Аллоҳуммажъалҳаа ъиндака зуҳрон ва аъзимлий биҳаа ажрон вазоъ ъанний биҳаа визрон ва тақоббалҳаа минний камаа тақоббалатаҳаа мин Даавуда алайҳиссалаам».
Маъноси: «Аллоҳим, ушбу саждани ҳузурингда (менга) заҳира қилгин, у сабабли ажримни зиёда қилгин, унинг сабабидан гуноҳларимни кечиб юборгин, бу саждани худди Довуд алайҳиссаломдан қабул қилганингдек, мендан ҳам қабул эт».
Яна ушбу дуони ҳам айтади:
سَجَدَ وَجْهِي لِلَّذِي خَلَقَهُ، وَشَقَّ سَمْعَهُ وَبَصَرَهُ، بِحَوْلِهِ وَقُوَّتِهِ، فَتَبَارَكَ اللهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ.
«Сажада важҳий лиллазий холақоҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳу биҳавлиҳи ва қувватиҳ фатабарокаллоҳу аҳсанул холиқийн».
Маъноси: «Юзим уни Яратган ва унда куч-қуввати билан кўз-қулоқни очган Зотга сажда қилди. Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир».
Ўтирган ҳолида сажда оятини тиловат қилган киши тик туриб, кейин сажда қилиши мустаҳабдир. Сажда оятини тиловат қилган киши билан уни эшитганлар бирга сажда қилишса, эшитганлар тиловат қилувчидан олдин бошларини саждадан кўтармаганлари маъқул. Чунки оятни ўқиган киши эшитувчилар учун имом ўрнида бўлади.
Қуръони Каримнинг ўн тўрт жойида сажда оятлари бўлиб, уларни тартиби билан баён этамиз:
1. Аъроф сурасининг 206-ояти.
2. Раъд сурасининг 15-ояти.
3. Наҳл сурасининг 49-ояти.
4. Исро сурасининг 109-ояти.
5. Марям сурасининг 58-ояти.
6. Ҳаж сурасининг 18-ояти.
7. Фурқон сурасининг 60-ояти.
8. Намл сурасининг 24-ояти.
9. Сажда сурасининг 15-ояти.
10. Сод сурасининг 24-ояти.
11. Фуссилат сурасининг 37-ояти.
12. Нажм сурасининг 62-ояти.
13. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти.
14. Иқроъ сурасининг 19-ояти.
Мусҳафи шарифда ушбу сажда оятларининг ҳар бирига уларни ўқиган кишини огоҳлантириш учун белги қўйилган. Сажда қилиш ушбу оятлардан бирини тўлиқ ёки сажда калимаси оятининг кўпроғини ўқиганда вожиб бўлиб, сажда калимасининг ўзини ўқиш билан сажда вожиб бўлмайди. Сурадаги сажда оятини ўқимасдан ташлаб кетиш макруҳдир. Чунки бу саждани ёқтирмасликка ўхшаб қолади. Таҳорати йўқлиги сабабли сажда қилишга тайёр бўлмаган кишиларга шафқат қилиб, улар олдида сажда оятини махфий ўқишни уламолар яхши амал деб санашган.
Ҳайз ва нифосдаги аёлларга сажда оятини ўқиш ва эшитиш туфайли тиловат саждаси қилиш вожиб бўлмайди. (Муфассал тажвид.)
Валлоҳу аълам!