Маҳсулотдан фойда олиш

08:05 / 30.11.2021 | Oysha | 246

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ уламолар маҳсулот таннархининг учдан бирини фойдага қўйса, одоб юзасидан бўлади дейилган экан. Лекин бозорда қолган сотувчилар анчагина кўпроқ фойда қўяётган бўлса, биз оз қўйсак, барчасини савдо синиб қолади. Бу эса нархни суний тушуриш уларни атай бозордан сиқиб чиқариш бўлмайдими яна бошқа ноқулайликлари ҳам мавжуд... Шунинг учун 1/3 фойда қўйганимиз дурустми бу ҳолда ё бозор ҳолатига қараб қўйганимизми?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Шариатда сотувчи сотиладиган молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб тайин қилмаган. Лекин, одамларга зулм етадиган даражада ҳаддан зиёд қиммат қилиб сотиш ҳам жоиз эмас. Шунинг учун урфдаги қийматдан ортиқ баҳога сотиш жоиз эмас.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ، قَالَ: غَلَا السِّعْرُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ سَعِّرْ لَنَا، فَقَالَ: "إنَّ اللَّهَ هُوَ الْمُسَعِّرُ، إنِّي لَأَرْجُو اللَّهَ أَنْ أَلْقَاهُ، وَلَيْسَ أَحَدٌ مِنْكُمْ يُطَالِبُنِي بِمَظْلِمَةٍ فِي دِينٍ، وَلَا دُنْيَا".

Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида нарх қимматлаб кетиб, одамлар: “Эй, Аллоҳнинг расули нархни бизга белгилаб беринг” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нархни белгиловчи Аллоҳдир. Мен дин ва дунёйим борасида бирор киши мендан ҳаққини талаб қилмаган ҳолатда Аллоҳга йўлиқишни хоҳлайман” дедилар” 

Табароний ривояти.

إنْ غَرَّهُ أَيْ غَرَّ الْمُشْتَرِي الْبَائِعَ أَوْ بِالْعَكْسِ أَوْ غَرَّهُ الدَّلَّالُ فَلَهُ الرَّدُّ وَإِلَّا لَا وَبِهِ أَفْتَى صَدْرُ الْإِسْلَامِ وَغَيْرُهُ.

“Харидор сотувчини ёки сотувчи харидорни ёки даллол алдаса, алданган кишига нарсасини қайтариш ҳаққи бор. Агар алданмаса, қайтаришга ҳаққи йўқ. Содрул ислом ва бошқалар шунга фатво берганлар” (Раддул муҳтор).

 Валлоҳу аълам!