Умидсизликдан чиқиш

14:55 / 02.01.2022 | Dilzoda | 306

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ёшим 19 да. Иншаоллоҳ яқин орада 2 ойлардан сўнг тўйим бўлиш арафасида. Аммо негадир яқинда шамоллаб қолганимдан кейин ўзимга келишим қийин бўляпти. Тушкунликка тушиб қолдим. Турмуш қуриш борасида мени ҳеч ким мажбурламаган, ота-онам маслаҳатлари билан ўйлаб кўриб рози бўлганман. Лекин бу ишни эплолмасамчи, уни қила олмасамчи деган хаёллар тобора кучайиб мени ўзгача бир ҳолатга тушуриб қўйяпти. Натижада ўзимга бўлган ишончим сўниб қоляпти. Оилада солиҳа аёлнинг бурч, вазифалари қандай эканлигини биламан ва уларни чин дилдан адо этиб, Аллоҳнинг ризолигига эришишни жуда ҳам истайман. Аммо мени қўрқув ва ўзига ишонмаслик ҳислари ўраб олди. Бундан қандай чиқиб кетишни билолмаяпман. Бу борада менга қандай маслаҳат берасиз. Жавобингиз учун олдиндан ташаккур!

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Инсон танасида яъни жисмида касаллик бўлса унинг қалбига, руҳига таъсир кўрсатади. Айтмоқчиманки улуғ мутафаккирлар қалб касал экан жисм касал, жисм касал экан қалб касал деганлар. Сизнинг яқинда шамоллаганингиз руҳиятингизга яъни психикангизга ҳам таъсир кўрсатган. Кўпроқ дам олишингиз керак. Кечқурун вақтлироқ уйқуга ётмасангиз бу аҳвол анча вақтга чўзилиши ва ҳатто кучайиши ҳам мумкин. Шунинг учун кечқурун соат 22.30 ухлашга ётишингиз керак. Силаб-сийпалайдиган массаж олишингиз, бассейнга бориб сузиш билан бироз вақт шуғулланишингиз мумкин. Бу амаллар сизни бўшаштиради. Нерв тизимингиздаги зўриқиш анча ёйилади. Турмушга чиқиш арафасида кўпчиликда сизники каби тушкунлик ёки бирон қўрқув аломатлари кузатилади. Бу нормал ҳолат. Кўпроқ дам олиш, пиёда сайр қилиш, вақтлироқ ухлаш, кун тартибига риоя қилиш билан ўтиб кетадиган ҳолат. Набодо бу ҳолатингиз кундан-кун кучаяверса у ҳолда психолог ёки психотерапевт консультациясига мурожаат этишингиз мумкин.Валлоҳу аълам!