Аразчилик

00:25 / 23.01.2022 | Azizxon Mamatkulov | 391

Ассаламу алайкум. Қилаётган амалларингиз учун барчангизга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Саволим шуки болалигимдан аразлайдиган одатим бор. Ҳозирда оилаликман ва иккита фарзандим бор. Бу характерим ҳозирги дамда турмуш ўртоғимга бўлган муносабатимда кўп панд бериб қолади. Ўзим ҳоҳламаган ҳолда турмуш ўртоғим бирон гап гапирса кулиб кета олмай аразлаб қолавераман.Менга маслаҳат беринг илтимос. Ўзимни қандай ислоҳ қилай?Олдиндан раҳмат деб қоламан.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Одамнинг характери унинг туғилиб ўсган, тарбияланган муҳитига боғлиқ. Албатта темперамент ҳам ҳарактернинг шаклланишида катта роль ўйнайди. Темпераментни ўзгартириб бўлмайди, аммо характерни ўзгартирса бўлади. Биринчи ўринда ўзингизнинг психоэмоционал ҳолатингизни нормага келтириб олишингиз керак. Кўп истиғфорларни такрорланг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал сийратларини ўрганиб ўзингиз учун ер юзидаги энг идеал инсон деб қабул қилган ҳолатда инсонлараро муносабатларини ўрганиб ўзингизда қўллашга интилинг.

     Бир қоғозни иккига бўлиб чап тарафига ёқмайдиган одатларингизни ёзиб ўнг тарафига унинг аксини ёзиб чиқинг, яъни бошқача ижобий ҳолатингизни. Ёзиб чиқиб ўқиб кўринг ва ўзингизни ўзгарган ҳолатингиздагидек тасаввур қилиб кўринг. Атрофингиздагиларнинг сизга бўлган муносабати қай даражада ижобийлашиб кетишини тасаввур қилиб кўринг. Сўнг ўзингизга ваъда беринг мен албатта ўнг тарафда ёзилганидек характерга эга бўламан деб. Шунда онг даражасида бу учун масъулиятни ўз зиммангизга олган бўласиз. Номаъқул одатингизга биноан бирор ишни қилаётганингизда ўзингизга “тўхта” дейишни ўрганинг. Онг жабҳаларида бу буйруқдек қабул қилинади ва ўзгаришингиздаги сайъ-ҳаракатларингизга итоат бошланади. Негатив яъни салбий ўй-ҳаёлларингизни тўхтатинг. Бунинг учун кўп пиёда юриш керак ёки спорт билан шуғулланиш керак. Таомларингизга эътибор қилинг. Тўғри ва балансланган овқатланиш инсон организмида ҳурсандчилик гармонларини кўпайтиради. Кайфиятингизнинг яхши бўлиши эса мақсадингизнинг ярмига эришишингиз учун кафолатдир. Сизни асабийлаштирадиган ҳолатлардан ўзингизни эҳтиёт қилишга ҳаракат қилинг. Энг муҳими ҳар қадамда тафаккурингизни ёқишга ҳаракат қилинг. Валлоҳу аълам.