Кўриш даражаси

18:45 / 13.03.2022 | Islâm'ın kizi | 671

Ассалому алайкум! Билишимча кўзнинг кўриш даражаси минусгача тушса, аёл кишига табиий йўл билан болани дунёга келтириш мумкинмас экан. Бу қанчалик тўғри?

Шифокор:

– Ва алайкум ассалом! Бу нарса қисман тўғри, қисман хато.  Кўриш ўткирлигининг пасайиши, яъни миопия  3 даражали бўлади: енгил, ўрта ва оғир даражали. Шу билан бирга кўз олмасининг орқа қисмида тўр парда деб аталувчи қатлам мавжуд. Миопик беморнинг табиий туғруғига монеълик кўриш ўткирлигидан кўра ана шу тўр парданинг ҳолатига боғлиқ, гоҳида -2 ДП кўриш ўткирлигига эга, яъни енгил даражали миопия билан оғриган аёлнинг кўз тўр пардаси патологик даражада  юпқалашиб кетган бўлиши мумкин, бу ҳолат эса Кесарево бўйича туғруққа кўрсатма ҳисобланади. Ва аксинча, кўриш ўткирлиги анча паст, масалан -8 бўлган миопик аёлнинг кўз тўр пардасининг аҳволи қониқарли ва кўз ички босими меьёрда бўлиши мумкин, бу аёл доялар назоратида фарзандини табиий туғруқ йўли  билан дунёга келтириши мумкин. Кўз Буюк Аллоҳ томонидан анатомик жиҳатдан ўта мураккаб ва мукаммал ҳолатда яратилган  бебахо неъмат, унинг сирлари ҳали ҳануз ўрганилмоқда. Валлоҳу аълам!