Ассалому алайкум! Ассалому алайкум! Мен ота-онамни жуда яхши кўраман. Улар мени оқ ювиб, оқ тарашган. Ўзи емай едирган. Улар воситачи бўлиб Тошкентдаги университетлардан бирига ўз билимим билан ўқишга кирдим. Тиллар ўргандим. Дунё қарашимда анча ижобий ўзгаришларни сездим. Аммо ота-онамдаги ҳаётга бўлган муносабат бутунлай меникидан фарқ қилади. Уларнинг фикру хаёлида фақат фарзандларини турмушини, оиласида тиниб тинчиб кетишини, атрофдаги "баъзи одамлар"нинг биз ҳақимиздаги "фикри" яхши бўлишини кўриш айланади. Мен эса уларнинг бундай нарсаларга умуман аҳамият бермасликларини, аксинча, ўз билимларини кенгайтиришларини жуда жуда истардим. Шу сабаб бугун китоб дўконида кўрган тиббиётга алоқадор илмий китобни Отамга "олиб берайинми, ўқийсизми" деб яхши ниятда жўшииииб айтсам, "сиз ўзингизни ўқишингизни эпланг, менинг ғамимни еманг", - деб аччиқ гапирдилар. Томогимдан кандайдир қора, алам қиладиган огриқ ўтди. Шундан сўнг яна бир бор ишонч хосил қилдимки, уларнинг фикрлаши хеч қачон ижобий томонга ўзгармайди. Хар сафар уйга қайтганимда кўнглим ғаш бўлиб бораман. Чунки юқорида айтган гапларим ҳар сафар қайталираверади. Биламанки, бундай мухит менга ёмон таьсир қилади. Аммо нима қилганда ҳам улар менинг ота-онам! Асабийлашмайин деб улардан узоқлашишим мутлақо нотўғрилигини биламан. Устозам, Аллоҳ сизни воситачи қилиб мени қийнаетган бу саволларга жавоб оламан деган умидда савол юлламоқдаман! Бундай узлуксиз давом этадиган стрессли ҳолатлардан қандай қилиб чиқиб кетишим мумкин?
– Ва алайкум ассалом! Илмга интилишингиз таҳсинга сазовор. Қиз бола учун илмли бўлиш жуда муҳим. Ота- онангиз масаласига келсак, сиз уларга баҳо беришдан, уларни танқид қилишдан ўзингизни тўхтатинг. Бугунги даражангизга ўз меҳнатингиз билан эришган бўлсангиз ҳам, сиз учун ота- онангизнинг керакли имконият, муҳитни яратиб берганини унутманг. Улар ота- она сифатида сизни шахсий ҳаётингизда ҳам бахтли бўлишингизни исташлари табиий. Бу ниятнинг ноўрин жойи йўқ назаримда. Уларни илмли қилишдан кўра, уларни ҳурмат қилиб, эъзозлаб, янада меҳрибон бўлиб, уларга яхшилик қилишга ғайрат қилинг. Ота- онаингизнинг ҳаётий тажрибалари ўзи бир катта илм мактаби. Уларнинг илм даражалари сиз айтгандек бўлса, фарзандини илмли қилишга эътибор бермаслиги мумкин. Доим ҳам ташқаридан қараб баҳолаш тўғри эмас..Фарзанд ўз ўрнини билиши лозим, уларга насиҳат қилиб ақл ўргатишга ҳақли эмас. Фарзанд сифатида бурч ва вазифаларингизни, ҳақларингизни билиб олинг.Бунда сизга Шайх ҳазратларининг асарларини мутоала қилишни тавсия этаман. Аллоҳ Таоло Луқмон сураси 14- оятда “Менга ва ота- онангга шукр қилгин ва қайтиш фақат Менгадир” дея хитоб қилади.Валлоҳу аълам!