Руҳий тарбия

16:20 / 23.10.2018 | Дарё | 1088
Ассалому алайкум! Шайхимизнинг "Руҳий тарбия" китобларида: "Наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади." деган жумладаги "наҳорнинг икки тарафи" дан қайси вақтни ё қайси намозни тушуниш керак?
Қазо намозлари бор одам таҳажжудга туриб, ниятига қазо намоз деб ўқиса бўладими? Ва у ўқиган намоз таҳажжуд ҳисобига ҳам ўтадими? Қазо намозлари бор одам нафлдан кўра қазони аввал адо қилиши керак деган гап тўғрими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 114 оятида марҳамат қилади:
Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир.
Уламоларимиз ояти каримадаги «Кундузнинг икки тарафида» адо қилинадиган намоз бомдод, пешин ва аср намозлари, «кечанинг бир бўлагида» адо этиладиган намоз шом ва хуфтон намозлари, дейишган.
Таҳажжудга турганида қазо намозини ният қилиш жоиз. Таҳажжуд деганда бир ухлаб туриб ўқилган намоз назарда тутилади. Бир ухлаб туриб ўқилган намоз вақт ва уйқуга кўра таҳажжуд бўлаверади. Аммо қазо ният қилинса, суннат бўлган таҳажжуд ўрнига ўтмайди. Албата қазолари бор киши нафлдан кўра аввало қарзларини адо этади. Валлоҳу аълам