Ҳомиладорликда тушкунлик

23:36 / 18.05.2022 | Go'zal | 391

Ассалому алайкум! Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. 2 ойлик ҳомиладорман. Кайфиятим тез-тез ўзгаради. Йиғлоқи бўлиб қолдим. Ота уйимга кетгим келади. Баъзан эримни эътиборсиз санайман. Кўп вақтини телефонга сарфлайди. Тўģри телефонда кўнгилочар нарсаларни кўрмайди, лекин кўраётган янгилик, ҳабарлари ўта муҳим даражада деб ҳам ўйламайман. Яқинда чет элга чиқиб кетади. Оз вақт қолди. Шу оз вақт ичида кўпроқ бирга бўлишимизни, гаплашишни ҳоҳлайман. Табиат қўйнига саёҳатларга, айланишларга чиқишни ҳоҳлайман. Уйда сиқилиб отиравериш жонимга тегди. Бу биринчи фарзандимиз. Лекин туғилаётган пайтида ёнимда бўлмаслигини ўйлаб ҳам кўп сиқиламан. Унга айтсам унчалик муҳим ҳисобламайди, "яна шу мавзуми" каби гаплари сабабли индамайман. Ҳеч ким йўқ пайтида доимий йиғлайдиган бўлиб қолдим. Эрим кетгандан кейин бу уйда фақат келинлик ҳизматлари учун қоламанми деган ҳаёл ҳам тинчлик бермаяпти. 2та қайнисинглим бор. Ҳали тил топишиб кетганимиз йўқ. Тўйдан олдин мен ва куёв ўртамизда келишмовчилик чиққанда қайнисинглим ўртага тушиб у билан ҳам тортишиб қолганмиз. Ўшанинг "изи"ҳали ҳам бор. Шуларни ўйлаб ҳам ўйимга етолмадим. Баъзан ҳаёлимга жуда ёмон нарсалар келади. Қандай қилиб кайфиятимни яхшилашим, яхши ўйларни ўйлашим мумкин.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Психотерапевт қабулига боришингиз керак. Эҳтимол бу кайфиятингиз хомиладорлик сабаб бўлиши ҳам мумкин. Чунки хомиладорлик вақтида аёл кишининг организмида гормонал ўзгаришлар содир бўлади. Албатта бу кайфиятга таъсир кўрсатади. Табиат қўйнига чиқишни хоҳласангиз ёлғиз ўзингиз уйингиз атрофида пиёда юриб келишингиз мумкин албатта турмуш ўртоғингиздан рухсат олганингиздан кейин. Қанча кўп пиёда тоза ҳавода сайр қилсангиз шунча шу негатив ўй-ҳаёлларингиздан анча қутулиб оласиз. Бу вазиятдан тезроқ қутулиш учун албатта психотерапевт қабулига борсангиз мутахассис буюрган баъзи дори дармонлар ва методикалардан кейин ҳолатингиз анча яхшиланади. Валлоҳу аълам.