Ассаламу алайкум. Бир хафталик чақалоғим бор. Менда депрессия аломатлари кузатилмоқда. Кўп йиғлайман. Баъзида фарзандимни ёқтирмай қоламан. Ҳаммадан тез хафа бўламан. Айниқса турмуш ўртоғимнинг ҳазллари, менга бефарқ болага эса жуда эътиборли, тушунмаган масалаларда ақл ўргатавериши, шифокор тавсия қилган дориларни ичишга қаршилик қилиши сабаб жуда қаттиқ жанжаллашяпмиз. Мен ҳаммасини ташлаб фарзандимни узоқларга олиб кетгим келаяпти. Баъзида суицид ҳаёлимга келади. Тушларимда фарзандимга бирнима бўладигандек хавотирлик тушларни кўраман. Менинг ҳолатимда нима қилиш мумкин? Менга нималар бўлаяпти?
– Ва алайкум ассалом! Олимларнинг таъкидлашича фарзанд кўрган аёлларнинг баъзиларида пайдо бўладиган депрессиянинг уч хил кўриниши кузатилар экан: туғруқдан кейинги умидсизлик, туғруқдан кейинги депрессия ва туғруқдан кейинги психоз. Хомиладорлик холатининг ўзи ва туғруқ ҳолати она организми учун доим ҳам хавфли ва хавотирлик ҳолат. Хомиладор ҳолатида аёл кишининг организмида гормонлар ҳаддан зиёд кўп ҳосил бўлиб, туғруқдан кейин бирданига камайиб кетади. Мана шу ҳолат кайфиятининг тубдан ўзгариб кетишига олиб келади. Албатта онанинг соғлом турмуш тарзини кечирмаганлигини, муҳитининг носоғлом бўлганлиги, ёш онанинг психикаси етарли даражада барқарор эмаслигига ҳам боғлиқ. Яъни ёш онанинг биологик, ирсий, психологик омилларига боғлиқ. Асл сабаб нима бўлиши мумкин эканлигини ҳеч аниқ қилиб айтолмайди. Ҳар қандай ёш она туғруқдан кейинги депрессия ҳолатига йўлиқиш эҳтимоли бор. Аёл киши она бўлганида у бирданига бир неча қийинчиликларга учрайди: кечалари уйқусиз, бола учун масъул бўлиш, ўзининг жисмоний аҳволи яхши эмаслиги, оила аъзоларининг унга кўмак бериши ўрнига ундан кўп нарсаларни талаб этиши. Аслида ёш она янги туғилган чақалоқ каби ёрдамга муҳтож. Бундай вазиятда ёш онага нисбатан турмуш ўртоғи ва унинг оила аъзолари эътиборлироқ ва сабрлироқ бўлишлари талаб этилади. Афсуски кўп ҳолатларда ёш онани тушунмаслик авж олади. Депрессия ҳолатида ёш она асосан доим ғамгин юради, яхши ухласа ҳам толиққан кўринади, авваллари уни ҳурсанд қилган нарсаларга энди у эътиборсиз, яқинлари билан гаплашишни ҳоҳламайди ёки аксинча камгап бўлган аёл жуда кўп ва тинимсиз гапиради, кечалари уйқусиз, иштаҳасиз ёки аксинча ҳаддан зиёд кўп овқатланади, ҳаёлпаришон бўлиб қолади. Туғруқдан кейинги депрессия туғруқдан кейин 30-35 кундан кейин бошланиб 1,5-2 йилгача давом этиши мумкин. Баъзида 3 ой 6 ойдан кейин енгил депрессия ҳолати ўз-ўзидан ўтиб кетиши мумкин. Аммо баъзи ҳолатларда суицид хавфи 20 баробарга ошиб кетиши хавфи бор. Албатта ўта хавфли бўлган бу вазиятда малакали шифокорга, психотерапевт қабулига зудлик билан бориш зарур. Бу ерда сизнинг соғлигингиз биринчи ўринда хавф туғдирса, иккинчидан онанинг бу ҳолати боланинг ўз вақтида гапириб кетиши, ақл-идроки, бошқалар билан мулоқот қуриши, эмоционал ва ижтимоий шаклланишига салбий таъсир қилади. Валлоҳу аълам.