Ўгай опам билан чиқиша олмаябмиз, нима қилайлик?

05:38 / 23.08.2022 | Visola | 316

Ассалому алайкум! Мен ҳали ёшман, аммо уйимизда кўп жанжаллар бўлган. Менинг акам ва опам бор. Улар билан онамиз бир эмас. Уларнинг оналари кичиклигида ташлаб кетган. Менинг онам уларга тарбия бериб катта қилган. Аммо оҳирги 2 йилда ичида опам турмушидан ажраб қизи билан уйга қайтиб келди. Ўтган йили эса, опам ва онам жуда қаттиқ жанжаллашиб қолишди. Биз малум муддат бошқа уйда яшадик. Кетаётганимизда жуда ҳам ёмон сўзлар билан онамнинсўкиб берганди.Алҳамдулиллаҳ кейин яна ярашиб олдик. Аммо опам ўгайлигини билдириб туради. Кесатиқлар қилади, доимо кайфиятсиз юради, отамга ҳам кўп бақиради. Кўп беодоблик қилса мени ҳам жаҳлим чиқиб мен ҳам гап қайтараман.Ҳозирги кунда ҳам бу ишлар қайта қайта такрорланади, акам эса умуман бошқача, улар меҳрибонлар. Онамиз бир бўлмаса ҳам қонимиз бирку. Нима қилсам опам билан келишамиз ва опамнинг доимо гумонда ёмон ҳаёлда юришларини қандай юмшатсам бўлади? Балки турмушлари ёмон бўлиб қолганлиги учун дермиз аммо орадан 3 йил ўтди, бироз юмшаши керак эмасмиди? Илтимос ёрдам беринг, бу низолар ҳали ҳам оиламизда бироз фитналарни бошлаб туради. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат! Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин!

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир инсонга  турлича синов, турлича тақдир берилади. Уларнинг ҳам болалиги қийин ўтган экан. Шуларни инобатга олиб опангизга нисбатан қалбингиздаги гиналарни  юмшатинг. Сизнинг онангиз ҳам отангиз ҳам ёнингизда экан, уларни эса туққан  оналари меҳр кўрсатмаган, оиласи ҳам бузилган бўлса бироз аламзада бўлишлари мумкин. Сиз уларни ўзгартира олмайсиз, опангизга муносабатингизнигина ўзгартира оласиз. Опангизга билан муносабатингизни   самимий меҳр- муҳаббат илиқлаштириши  мумкин. Ўзингизга ҳам назар ташлаб ислоҳ қилиб кўрингчи, балки сизда ҳам опангизга нисбатан ўгай тушунчаси онгингизга ўрнашиб қолгандир. Психологияда бир ибора борки, инсон нимани ёки кимни қандай номаласа у ўша бўлади. Сизда ҳам ўгай опам деган фикр бўлса,  опангизнинг ўгайлик қилишига сабаблар топилаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам шундай деганлар : “Дунё ва охиратдаги гўзал ахлоқга далолат қилайми ?, Сенга зулм қилганни авф қил, алоқани узганга боғлагин. Сени маҳрум қилганга бер.” Опангиз билан илиқ муносабат қилишга, унга меҳр- мурувватли бўлишга интилаверинг  Аллоҳ таоло Ҳуд сураси 114- оятда  “Яхшиликлар ёмонликларни кетказади” дея огоҳлантиради. Иншааллоҳ сизнинг меҳрингиз опангизни қалбини юмшатиб, қалбидаги жароҳатларга малҳам бўлса ажабмас .Валлоҳу аълам.