Ассалому алайкум! Бизга қаратаётган эътиборларингиздан жуда ҳам миннатдормиз. Менга шу кунларда руҳшунос маслаҳати жуда ҳам зарур.Турмуш қурганимизга 9 йил бўлди. 3 нафар фарзандимиз бор. Шу кунгача турмушимиз чиройли ўтиб бораётганди. Нолимайман, ҳозир ҳам яхши, лекин турмуш ўртоғим бир аёлни ёқтириб қолди. У аёл турмуш ўртоғимдан бир неча ёш катта. Улар доимий телефонда гаплашиб туришади. Умрим давомида эшитмаган гўзал гаплар билан у аёлни эркалашларининг гувоҳи бўлганман. Балки чиндан ҳам у аёл шунақа гапларга муносибдир. Балки у аёлчалик эътиборини қозона олмагандирман. У аёлга уйланиш нияти бор. Эрталаб ишга чиқиб кетганидан то қайтгунича "Ҳозир у аёл билан гаплашаётгандир. Эҳтимол, учрашишгандир", деган шубҳа мени қамраб олади. Мен билан қўполроқ гаплашади. У аёлга бор ширин гапларини айтиб келди, деган ўй миямдан чиқиб кетмайди. Ўзимга қараб ишдан кутиб оламан. Ширин гапиришга ҳаракат қиламан, лекин эътиборини барибир қозона олмаяпман, назаримда. Асабларим чарчади. Эримнинг барча меҳри ўша аёлга сарфланяпти. Ўзимда қандайдир ўзгаришлар бўляпти. Хаёлим жойида бўлмай қолди. Ҳозиргина ушлаб турган нарсамни қаерга қўйганимни эслолмайман. Кўпинча асабий ҳолатдаман. Болаларимга ҳам қаттиқ гапириб юборяпман. Севилиш бахтини энди ҳис қилолмасам керак. Маслаҳат беринг. Энди нима қилай?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом!" Энди нима қилай?" деган саволингизга шуни айтиш мумкинки, энди ўзингиз учун яшанг! Чунки шу вақтгача ўзингиз учун яшамагансиз. Инсон қачон ўзи учун яшайди? Қачонки эрталабки ибодатларини қилгач, ўзининг соғлигини ўйлаб жисмоний машғулотларни бажарса, тоза ҳаводан нафас олиб, бироз Яратганнинг бу дунёда бизга кўрсатган қуёш, ой, юлдузлар, ер курраси, бутун борлиқ ҳақида ҳамда нафас олиш, кўз билан кўриш, қулоқ билан эшитиш, тил билан таъм билиш каби битмас-туганмас мўъжизалари ҳақида фикр-мулоҳазаларни юритса, сўнгра ўзи ва оила аъзолари учун мазали нонушта тайёрлаб, болажонларининг соғ-саломатлигидан мамнун бўлиб, хуш кайфиятда уларни ўқишга, ишга кузатса ва ҳоказо ишларни энг биринчи ўринда ўзининг кайфияти учун бажарса, ана шулар аёл кишининг ўзи учун яшаши дегани бўлади. Тақдирда нима битилган бўлса, шу бўлади. Ундан ёмонроғи ҳам эмас, яхшироғи ҳам эмас. Асосийси кўнглингизни хотиржам қилишингиз керак. “Амаллар ниятга ярашадир”, деган ҳадисга амал қилган ҳолда ниятларингизни тўғрилаб олишингиз ўзингиз учун яхшидир. Суюкли бўлиш, “севилиш бахти” туйғуси ҳали олдинда. Ҳамма яхши кунларингиз ҳали келади. Шунчаки бироз синов келди, холос. Бир қийинчилик кетидан, албатта, хурсандчиликлар келади. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ва ҳадисларда ҳам келтирилган. Ўзингизнинг шахсий ҳаётингизни йўлга қўйиб олсангиз, ҳаётингиз яхшиланиб еетади, иншааллоҳ. Шахсий ҳаёт деганда - бу сиз ва турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингиз эмас, балки ўзингизнинг ўзингизга қилган муомалангиз кўзда тутилади. Бу ҳақда аввалги саволларга берилган жавобларни ўқиб чиқсангиз, кўп маслаҳатлар топа оласиз. Бирор психолог билан юзма-юз гаплашиб олсангиз, янада яхши. Валлоҳу аълам