Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, Одинахон опа! Олдинги жавоблар учун сизга кўп ташаккур билдираман. Бугунги саволим тажвид илмидан. Сизнинг қаламингизга оид «Муфассал тажвид» китобини ўқиётган эдим. Мен авваллари «ъайн» ҳарфини яхши чиқара олмасдим, ҳозир ҳаракат қиляпман. Бу ҳарф истифола ҳарфларга тегишли бўлиб, у талаффуз қилинганда тилнинг орқаси, юқори танглай кўтарилмай, ингичка талаффуз қилинишини билдим. Аммо ойнага қараб талаффуз қилсам, худди истеъло – «ғойн» каби тилим кўтариляпти ва ҳалқумим бироз қисилгандагина чиқяпти. Қанча ҳаракат қилмай, тилим қалин ўқиладиган «ғойн» ҳарфига ўхшаш кўтарилганини кўряпман. Бу билан Қуръонни хато ўқиётган бўламанми? Нотўғри савол берган бўлсам, узр
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳарфнинг махражи (чиқар ери) ва тўғри талаффуз қилиш йўлини билиб олиб, ҳарфни нутқ қилишни машқ қилиш керак. Тажвид илмидаги асосий нарсалардан бири ҳарф нутқини машқ қилишдир. Араб ҳарфларининг баъзисининг талаффузи қийинроқ ва бунда машқ қилишга эҳтиёж бор. «Ъайн» ҳарфи «Ғойн» ҳарфидан махраж жиҳатидан пастроқдир. «Ъайн» махражи устига қўлни қўйиб, ҳарфнинг чиқаётганини ҳис этиб машқ қилиш керак. Кўп такрор билан ўрганиб кетасиз, иншааллоҳ