Тушимга марҳум ҳўжайиним кирябдилар

12:21 / 08.03.2023 | Авиакасса Мустафа | 875

Ассалому алайкум! 3 ой аввал хужайиним тасодифан оламдан утиб колдилар 28 ёшда эдилар 3 нафар угил фарзандларимиз бор хозирда Яна хомиладорман (5 ойлик) Узим 24 ёшдаман хужайиним уйга келиб ухлашга ётган ухлаганмиз хаммамиз лекин эрталаб уйгонмадилар бу жудаям кучли рухий зарба булди хозиргача хам ишонгим келмайди 7 ярим йил Бир ёстикка бош куйган умир ёлдошим йуклигига кунлар утиши Билан дардларим енгиллашни орнига чокиб борябман Хар куни тушимга кирадилар тушимда улганини биламан улар хам биладилар лекин Хар Сафар мен тирилиб келдим дийдилар мен олмадим дийдилар ва шу 3 ой Ичи 2, 3 марта бирга хам булдик (тушимда) бу тушлардан куркябман бева аёлларга жинлар илакишади деган гап эшитгандим шундан куркябман кучаларда юрган инсонларни хужайимга ухшатаман уйларда ойна деразалардан караётгандек буладилар, Хар куни Хар хил саволлар мени кийнамокда нимага Нима учун деган. Ва Яна иккинчи илтмосим рухлар хакида билишни истайман удар бизни куриб туришадими уларда хам биз каби хислар буладими? Катта Рахмат! Жавоб учун

Руҳшунос:

Ваалайкум ассалом. Сизнинг бу мусибатингиз, бу ярангиз ҳали жуда янги бўлган вазиятда содир бўлаётган ҳолатлар табиий ҳол. Чунки одам яқин кишисидан айрилиб қолишининг ўзи бир катта стресс бўлса сизнинг ҳолатингизда тўсатдан соғлом турмуш ўртоғингиз тўсатдан вафот этиши янада катта стресс бўлган. Одам яқин кишисидан айрилганида бу шок, бу стрессдан бироз енгил тортиши учун камида икки йил ўтиши керак. Сизнинг ярангиз ҳали жуда янги. Аллоҳ сизга гўзал сабр, куч-қувват, мадор ато этсин. Кечалари турмуш ўртоғингизнинг тушингизга кириши, бирга бўлишингиз ҳам аксарият одамларда бўладиган ҳолатдир. Бир оз сабр қилсангиз иншааллоҳ бу ҳолатлардан қутулиб қоласиз. Кўпроқ пиёда юриб сайр қилишингиз керак. Ёлғиз қолманг. Одамлар билан тез-тез мулоқотда бўлиб туришингиз керак. Эрталаб ва кечқурун "Ихлос", "Фалақ", "Нас" сураларини ўқиб ўзингизга дам солиб туринг. Руҳлар ҳақидаги илмга келсак бу ҳақда Аллоҳ Таоло биз бандаларига кўп илм лозим кўрмаган. Шунинг учун бу ҳақда кўп сўраб суриштириш, бу ҳақда кўп ўйлаш бандасини нотўғри йўлга кириб кетишига олиб келиши мумкин Ўзи асрасин. Қуйида сизга Шайх ҳазратимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб "Ҳадис ва ҳаёт" китобларидан сизга иқтибосларни келтираман.


«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадина хурмозорларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийларга дуч келдилар. Улар бир-бирларига:

«Ундан савол сўрасангиз-чи?» дейишди.

«Ундан сўраманглар. У сизга ёқтирмаган нарсангизни эшиттиради», дейишди бошқалари.

Охири:

«Эй Абул Қосим, бизга руҳ ҳақида сўзлаб бер», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муддат жим туриб қолдилар. Бошларини кўтардилар. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ­ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Ваҳий нузули тўхтаганидан сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм бе-рилгандир», деб айт», дедилар».

Термизий ва икки шайх ривоят қилганлар.

(Исро сураси, 85-оят)

Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир:

«Сизга жуда оз илм берилгандир».

Банданинг ўзидаги ана шу оз илм билан гердайиши ҳам оламни олади. Аслида эса ўз идроки етадиган, ўзига фойда келтирадиган нарсаларни билдирган Аллоҳга шукр этиб, қолганини Аллоҳга ҳавола қилиши керак эди. Инсоннинг ҳамма нарсаси чеклангандир. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ юборган ваҳий, холос".