Ассалому алайкум! хозирда телеграм каналларда мусодара товарлар канали очиб махсулотларни арзон нархларга сотишяпти.Шу махсулотлардан сотиб олсак буладими?
– Ва алайкум ассалом!
Кўринишидан ўғирланган ёки тортиб олинганлиги маълум бўлган молни сотиб олиш шаръан жоиз эмас. Уни сотиб олишда ўғри ва талончининг ишини ривожлантириш бор. Гуноҳ ишга ёрдам бериш шаръан гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
“Гуноҳ ва зулмда бир бирингизга ёрдам берманглар” деб марҳамат қилган (Моида сураси 2-оят)
عَنْ مُصْعَبِ بْنِ مُحَمَّدٍ ، عَنْ رَجُلٍ مِنْ أَهْلِ الْمَدِينَةِ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم : مَنِ اشْتَرَى سَرِقَةً ، وَهُوَ يَعْلَمُ أَنَّهَا سَرِقَةٌ ، فَقَدْ شُرِكَ فِي إِثْمِهَا وَعَارِهَا.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўғирланган мол эканлигини билатуриб сотиб олса, гуноҳ ва орига шерик бўлибди" деганлар.
Бир киши бирор молни сотиб олганидан кейин уни ўғирланган ёки тортиб олинганлиги маълум бўлса, байъни бекор қилиб сотувчидан пулини қайтариб олишга ҳаққи бор.
لَوْ ظَهَرَ غَيْرَ حَلَالٍ أَيْ مَسْرُوقًا أَوْ مَغْصُوبًا يَرْجِعُ عَلَيْهِ الْمُشْتَرِي.
Аллома Ибн Обидийн “Роддул муҳтор” китобида “сотиб олинган молнинг ҳалол эмаслиги, яъни ўғирланган ёки тортиб олинган эканлиги зоҳир бўлса, ҳаридор сотувчидан пулини қайтариб олади” дейилган (Роддул муҳтор).
Ўғирланган, тортиб олинган мол ҳар қандай ҳолатда ҳам ўғирлатган кишининг моли ҳисобланади. Кўрган жойида ундан тортиб олишга ҳақлидир.
وَلَوْ بَاعَ السَّارِقُ الْمَسْرُوقَ مِنْ إنْسَانٍ ، أَوْ مَلَكَهُ مِنْهُ بِوَجْهٍ مِنْ الْوُجُوهِ ، فَإِنْ كَانَ قَائِمًا فَلِصَاحِبِهِ أَنْ يَأْخُذَهُ ؛ لِأَنَّهُ عَيْنُ مِلْكِهِ ، وَلِلْمَأْخُوذِ مِنْهُ أَنْ يَرْجِعَ عَلَى السَّارِقِ بِالثَّمَنِ الَّذِي دَفَعَهُ ؛
Аллома Косоний роҳматуллоҳи алайҳ “Ўғри ўғирланган молни бирор кишига сотса ёки қайсидир йўл билан(ҳадя) мулк қилиб берса, у йўқ бўлиб кетмасдан турган бўлса, ўғирлатган киши уни тортиб олишга ҳақлидир. Чунки у ўзининг мулки ҳисобланади. Ҳаридор эса сотувчи ўғридан пулини қайтариб олади.” (Бадоеъ ассаноеъ)
Кишининг қони ва обрўсини тўкиш ҳаром бўлганидек ноҳақдан унинг молига қўл чўзиш ҳам ҳаромдир. Шариъатимиз ватани ҳимоясида ўлган кишиларни шаҳид санаганидек моли ҳимоясида ўлган кишиларни ҳам шаҳид қаторига қўшган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Молининг ҳимоясида ўлган киши шаҳиддир” деганлар.
Бундан кўриниб турибдики, бировнинг молини ноҳақдан тортиб олиш жонини олишга тенгдир.
Валлоҳу аълам!