Болаларга намоз ва рўза неча ёшдан фарз?

09:42 / 12.09.2019 | Piece-of-pearl | 12255
Ассалому алайкум. Болаларга намоз ва рўза неча ёшдан фарз? Ўғил ва қизларга алоҳида ёш белгиланганми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом. Балоғат ёшига етганда фарз бўлади. Ўғил боланинг балоғатга етганлигининг уч аломати: 1. Тушида булғаниши; 2. Тушида булғанмасада балоғатга етмай уйланган бўлса, маний келиши ва аёлини ҳомиладор қилиши; 3. Икки аломат топилмаса, ўн беш ёшга тўлиши билан болиғ ҳисобланади. Қиз боланинг балоғатга етиш аломатлари қуйидагилардир: 1. Энг ками тўққиз ёшга кирганда ҳайз қонини кўриши. Ундан аввал кўрган қони ҳайз ҳисобланмайди; 2. Тушида булғаниши билан; 3. Ҳомиладор бўлиши; 4. Ўн беш ёшга тўлиши.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бола ўн ёшга етганида намоз ўқимаса уришга буюрганлар.
عَنْ سَبْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مُرُوا الصَّبِيَّ بِالصَّلَاةِ إِذَا بَلَغَ سَبْعَ سِنِينَ، وَإِذَا بَلَغَ عَشْرَ سِنِينَ فَاضْرِبُوهُ عَلَيْهَا. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: وَفَرِّقُوهَا بَيْنَهُمْ فِي الْمَضَاجَعِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ
Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Ўн ёшга етса, унинг учун уринглар», дедилар». Бошқа ривоятда: «Ётар жойларини ажратинглар», деб зиёда қилинган. Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилганлар. Аммо фарз бўлиши, ўқимаса гуноҳ ёзилиши эҳтилом ёшидан бошланади. Эҳтилом бўлмаган ўғил-қизлар 15 ёшидан балоғатга етган ҳисобланадилар. Қазосини ўқимоқчи бўлганлар ўша балоғат ёшидан буён қолдирганларини қазосини ўқийдилар. 10 ёшдан қолдирганини эмас. Валлоҳу аълам!