Ассалому алайкум. Менинг саволим, бурун қийшиқлиги ҳақида. Менинг бурним туғма қийшиқ туғилган. 21 ёшимда оператсия қилдик. Шунда бурнимни 5мм ё 1см чап томонга суришган ва ўрта тешикни катталаштиришган. Шундан кейин бурнимдан ҳаво оқими, чанглар кириб кетадиган бўлиб қолди. Лекин шифокорлар ҳалиям бурнимни қийшиқ дейишади. Бу билиниб туради. Бурун қийшиқлигининг инсонга қандай зарарлари бор? Менга баъзан ҳаво етмайдигандай туюлади.
Ва алайкум ассалом. Бурун қийшиқлиги, аниқроғи, бурун тўсиғининг қийшиқлиги бу патологик ҳолат бўлиб, у етарлича аҳамиятни талаб қилади. У қуйидаги асоратларга олиб келиши мумкин:
1. Бурун орқали нормал нафас олишни бузилишини келтириб чиқаради. Бунда бурун йўлларига ҳаво етарли даражадаги ҳажмда келиб тушмайди.
2. Шиллиқ қаватнинг фаолиятини бузилиши. Ташқаридан кириб келган ҳаво тўлқинсимон тарзда бурун шиллиқ қаватига урилиши шиллиқ пардадаги киприкчаларнинг атрофияланиши (йўқолиши) ва парданинг шишиши билан асоратланади. Шу тарзда ҳавони тозаланиши бузилади ва ишлаб чиқарилган шиллиқ қуриб, қатқалоқ ҳосил бўлади. Шиллиқ қават зарарли микробларнинг негатив таъсирига учраб сурункали ринит касаллиги келиб чиқади.
3. Бузилган бурун орқали нафас олиш сабабли инсон оғзи орқали нафас олишга мажбур бўлади. Шунинг учун ўпкага илиқ эмас, совуқ ва қуруқ ҳаво оқими кириб келади (аслида бурун киприкчалари ҳавони илитиб ва намлаб берар эди). Вақт ўтиши билан аденоид пайдо бўлиш хавфи бор бу ҳолатда. Оғиз орқали нафас олиш яна ўткир респиратор касалликлар (ОРЗ) хавфини ҳам оширади.
4. Беихтиёрий патологик ўзгаришлар. Ҳаво оқимининг нотўғрилиги шиллиқ қаватдаги нерв охирларини таьсирлантиради. Бу эса беихтиёрий реакцияларга: халқум спазми, йўтал, аксириш, бош оғриқларига сабаб бўлади. Айрим аёлларда гормонал фон ҳам бузилиши мумкин.
5. Доимий отит (қулоқ пардаларининг яллиғланиши ) ва Евстахиев трубасининг яллиғланиши. Сабаби бурун ушбу қўшни органлар билан бевосита боғлиқдир ва ундаги яллиғланиш ушбу органларга ҳам ўтади .
6. Синусит, гайморит.
7. Узоқ вақт давомида бурун орқали нафас олишнинг қийинлашуви ўпка ва қоннинг кислород билан тўйинишини пасайтиради, бу эса гипоксия ҳолатини чақиради. Гипоксия эса ўз навбатида бош оғриқларини ва асабийликни келтириб чиқаради.