Ассалому алайкум. Турмуш қурганимизга 5 йил бўлди. 2 нафар фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғим билан тез-тез тортишиб қоламиз. Менга нисбатан жуда қўпол ва эътиборсизлар. Хафа қилганларини, дилимни оғритганларини ҳаттоки сезмайдилар ҳам, бундан афсусланиб, узр ҳам сўрамайдилар. Сал жанжаллашиб қолсак ҳам &қуот;йўқол&қуот;, &қуот;кет&қуот; каби сўзлар билан қўрқитмоқчи бўладилар. Кўп марта кетмоқчи ҳам бўлдим, лекин болаларимни ўйладим. Ота-онамларникига 1-2 ойда бир боришим ҳам ёқмайди. Диний жиҳатдан шу ишлари тўғрими? Қўлимдан келганча кўнгилларини топишга, меҳр беришга ҳаракат қиламан, лекин фойдаси йўқ. Илтимос маслаҳат берсангиз қандай йўл тутай?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Баъзи инсонлар болалигидан меҳр кўрмаганлари ёки ҳаддан ортиқ кўп меҳр, ғамхўрлик кўрганлари сабабли меҳри қаттиқ инсон бўлиб шаклланиб қоладилар. Шу сабаб бунга ортиқ куюнишнинг фойдаси йўқ. Аммо инсон ўзи яхши кўрган инсонининг дилини оғритгиси келмайди. Шунинг учун ўз устингизда ишлаб, ўзингизни қадрлаш йўлларини излашингиз, турмуш ўртоғингизнинг сизга бўлган меҳрини кучайишига олиб келиши мумкин. Мисол учун бир эркак ўз аёлига “менинг олдимда йиғлама” ёки “эшикдан кириб келганимда мени кулиб қарши ол”, дейди. Аммо аёл киши ҳиссиётга берилувчан бўлгани учун, ўз кайфиятига яраша иш қилади ва кайфияти йўқ бўлган вақтда турмуш ўртоғи кириб келса, қовоқлари уйилган ёки ўйловчан ҳолатда кутиб олади. Ёки кўз ёшини тия олмайдиган аёл сал нарсага йиғлайверади. Ана шунда эркак кишининг гапи инобатга олинмагани сабабли аёлидан жаҳли чиқади. Бу воқеалар тез-тез такрорлангани сабабли ўз аёлидан кўнгли совий бошлайди. Турмуш ўртоғининг гапларига аёллар эътиборли бўлсалар, уларни яхшилаб кузатсалар, хоҳиш-истакларига эътибор қила олсалар кўпинча эркак киши ўз аҳли аёлига қўполлик қилмайди. Тўғри баъзан эркакларнинг ичида зулм қиладиганлари ҳам учраб туради. Агар психик томондан бундай эркак соғлом бўлса, (психоневрологик касалликлари мавжуд бўлмаса) у ҳолда аёл киши ўз устида ишлаши, ҳаёлларини тозалаши, ҳаёлан ҳам ҳадисга мувофиқ яхшилик гумонида бўлиши билан турмуш ўртоғининг меҳрини қозона олади. Турмуш ўртоғининг хизматларини бажарар экан, аёл киши Аллоҳнинг розилигини топиш мақсадида бажариши керак. Шундагина чинакам бахт эгаси бўлади. Турмушдаги баъзи синовларни енгиб ўтиши ҳам онсонроқ кечади. Аммо баъзан аёллар ўз хизматларини шу эркакнинг турмуш ўртоғи сифатида эмас, балки қули сифатида бажарадилар. Табиий эркак киши бундай аёлга зулм қилаверади. Ана шу ингичка чегарани ажрата билиш керак. Валлоҳу аълам.