– Ва алайкум ассалом!
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Одамларнинг аёл кишида ҳаққи энг улуғи қайси?» – деб сўрадим.
«Эрининг», – дедилар».
Насаий ривоят қилган.
Аввал ўтган баъзи ҳадисларда аёлнинг эридан изн сўрайдиган нарсалари ичида нафл рўза тутиш ҳам борлигини кўрдик. Аллоҳга ибодат қилишда ҳам, баъзи ҳолатларда, эрдан изн сўраш кераклиги шундан кўриниб турибди.
Аллоҳ таоло эркак ва аёл бандаларидан имкон топганларига умрида бир марта ҳаж қилишни фарз қилган, нафл ҳаж қиладиган аёлга эса эрининг рухсати ҳам шарт қилинган. Шунингдек, аёл киши садақа қилишда, уйдан чиқишда ва шунга ўхшаш нарсаларда эридан рухсат сўраши лозим.
Фақат соғ-саломатлик ҳолатида ота‑онанинг зиёратига бир ҳафтада бир марта эр рухсат бермаса ҳам боришга, агар улар бемор бўлсалар, керагича боришга аёлнинг шаръий ҳаққи бор.
«Эр аёлни ҳафтада бир марта ўз ота‑онасининг олдига чиқишидан ва уларни аёлнинг олдига киришларидан ман қила олмайди» деган гап бор. Ота‑онадан бошқа маҳрамлар йилига бир марта. Ва шуниси тўғри.
Маҳрамларнинг зиёратига оид сўз айтган машойихлар ичида «мазкур муддат бир ойдан ошмаслиги лозим», деган уламолар ҳам, «бир ҳафтадан ошмаслиги лозим», деган уламолар ҳам бор.
Валлоҳу аълам!