Ассалому алайкум! Алҳамдулиллаҳ мени 9 ёшли ўғлим ва 6 ёш қизим бор. Уларни жуда яхши кўраман. Ўғлим жуда яхши, оқкўнгил, меҳрибон, қувноқ бола. Лекин баъзида етарлича жиддий эмасдек туюлади. Кўп кулади, жуда кўп гапиради. Хафа бўлмасин деб гапларини бироз эшитаман, лекин тўхтай демайди, қуйиб берса кечгача гапиради. Синглиси унадай эмас, оғир, камгап, мулоҳазали, бирон нарса ўргатса ёки иш буюрсам тез тушуниб олади. Ўғлим эса ҳаёлпаришон, айткан ишимни 2-3марта қайтарсам, кейин ҳаёли бир жойга келади, унгача ҳатто эшитмайди ҳам гапларимни. Кўчада, ўртоқлари ёнида унчалик кўп кулмаса ҳам, аммо уйда, дадаси ва мен жуда кўп танбеҳ берамиз, ўғил бола кам гапириши, виқорли кўриниши, камроқ кулиши керак деб. Катта бўлгани сари бу ҳолат ўтиб кетиб, жиддийлашадими ёки йўқми билмайман. Дадаси кун бўйи ишда бўладилар. Ўғлим кундузи биз билан (ойиси ва синглиси билан) бирга бўлиб ўғил болаларга хос характер қандай бўлишини билмаяпти. Хўжайнимга уни кўпроқ ўзлари билан олиб юришларини айтсам, куни билан етаклаб юраманми деб олиб кетмайдилар. Бегона одамлар билан ҳам жуда тез чиқишиб гаплашиб кетади. Бу яхши албатта, аммо адаси ҳам мен ҳам ёшликдан гамгап, жиддий бўлганимиз учун ўғлимнинг бу сергаплигию, қувноқлиги баъзида ортиқчадек туюлади. Бу ҳолат катта булгани сари аста-секин ўтиб кетадими ёки жиддийлашиши учун нима қилишим керак?
– Ва алайкум ассалом! Кўпинча инсоннинг қалбида ҳурсандчилик бўлмаса, келажакдан умиди яхшилик бўлмаcа, кўп гапирадиган бўлиб қолади. Болага эҳтимол кам вақт ажаратаётгандирсиз. Уни спорт машғулотларига бериш, тоза ҳавода кўп сайр қилдириш, тўғри овқатлантириш ва вақтида ухлатишга эътиборингизни қаратишингиз керак. Бола билан келажаги ҳақида, у қайси касб эгаси бўлмоқчи эканлиги, бунга қандай қилиб эришиш кераклиги, тарбияли ва тарбиясиз инсонлар қандай бўлиши ҳақида кўп суҳбатларни ўтказиш яхши самара беради. Телевизорда бирон кўрсатув ёки фильмни биргаликда томоша қилиб, сўнгра болалар билан улар ҳақида мулоҳазалар қилиш, фикр алмашиниш тарбияларига ижобий таъсир кўрсатади. Буни одат қилиб олган яхши. Бирон китоб ўқисангиз, “фалон жойига келдим, фалон иш бўлди” дея болаларни китоб ўқишга қизиқтиришингиз мумкин. Сўнг эса ранг-баранг расмлари бор бўлган бирон қизиқарли китоб олиб беринг. Уни ўқитинг, боладан фикрларини сўранг. Секин-аста боланинг дунёқараши ўсади, у ўзгаради. Меҳнатга ўргатиш ҳам ўғил болани тарбияси учун энг афзал ишдир. Валлоҳу аълам!