Бола тарбияси

08:42 / 12.02.2020 | Nurillayeva Sanobar | 777
Ассалому алайкум! Мен фарзандимдаги ўзгаришлардан хавотирдаман. Оилавий келишмовчиликлар сабаб онамникидаман. 3 ёшли ўғлим бор, Аллоҳга шукрлар бўлсинки зехни ўткир, бор меҳримни ва эътиборимни фарзандимга берганман. Менга жуда боғланиб қолган. Яқинда боғчага бердим, умуман боришни хоҳламаяпти, тинмай йиғлайди, инжиқ. Акамнинг қизини урадиган бўлиб қолган, яхши гап билан ҳам, жазолаб ҳам кўрдим, фойда бермаяпти. Қандай йўл тутсам бўлади?
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Бола учун ўзингизда хотиржамлик йўқ. Болани хотиржам боғчага қўйиб юборинг. Қачонки ўзингизнинг у учун кўнглингиз тўқ экан, у ерда болага яхши қарайдилар, фойдали илмларга эга бўлади, вақтида ухлаб дам олади, болалар билан ўйнайди, ҳурсанд юради десангиз у ҳам шу фикрда бўлиб, боғчага йиғламай кетади. Қачонки она бола ҳақида қўрқаверса бола буни сезади ва онасидан ажралишга қўрқаверади. Болани жазолаб бўлмайди, фақат насиҳат қилсангиз, ўз хулқингиз билан ибрат бўлсангиз самарали бўлади. Агар бола боғчага боришдан қўрқаверса, онаси уни жазоласа, у атрофдагиларга нисбатан агрессив бўлиб қолади. Фақат агрессия орқали бирон нарсани ҳал этиш мумкин деган фикрга бориб қолади. Акангизнинг қизини ҳам шунинг учун уришни бошлаган. Калтаклаш орқали ўз салбий эмоцияларини чиқазиб ташламоқчи, ўз айтганини шу орқали қилдирмоқчи бўлади. Фарзандингиз билан хотиржам оҳангда кўп гаплашинг. Унинг бажарган ишлари учун, яхши қилиқлари учун мақтаб туринг. Тез-тез биргаликда сайрга чиқиб туринг. Яхшиси боғчадан қайтаётганингизда сайр қилиб, у яхши кўрган бирон нарса олиб беришингиз ёки у яхши кўрган жойга олиб боришингиз мумкин ва “эртага ҳам шундй йиғламасдан яхши бола бўлиб боғчага бориб келсанг, сени яна шу ерга олиб бораман”, деб ваъда беришингиз мумкин, албатта бажариш шарти билан. Бир икки инжиқликдан сўнг бола боғчага бемалол бориб келадиган бўлади. Валлоҳу  Валлоҳу аълам!