Ассалому алайкум! Бугунги кунда турли ижтимоий тармоқларда, асосан телеграмда турли хил муаллифи номаълум ва манбаси кўрсатилмайдиган каналлар жуда кўпайиб кетибди ва айрим илмли аёллар ҳам фаоллик билан шу каналлардаги маълумотни турли гуруҳларда улашишни ўзларига одат қилиб олишибди. Лекин манба ва муаллифи ҳақида маълумот сўрасак, ҳеч қандай маълумот йўқ, муаллифи кимлиги номаълум. Ва уларга манбанинг ҳам, муаллифнинг ҳам қизиғи йўқдек жавоб қилишмоқда. Кўпинча муаллифи ва манбаси ишончли бўлган илмий мақолалар, маълумотлар эса уларнинг нафсига оғирлик қиладими ёки ёқмайдими билмайман, эътиборсиз қолдиришади. Қандайдир шов-шувли, енгил-елпи, нафсига ёқадиган, саҳиҳ бўлмаган маълумотлар уларни ўзига магнитдек тортиб кетмоқда. Узуқ-юлуқ маълумотларни қанча аёл қизларимиз ўқиб вақтлари исроф бўлаётганига гувоҳ бўляпман. Психология нуқтаи назаридан қараганда мана шу ижтимоий тармоқларга қарамликдан халос бўлиб, тартиб билан китоб ўқиш орқали ёки ишончли бўлган интернет сайтларидан соф исломни ўрганишлари учун аёллар-қизларга қандай тавсиялар берасиз?
– Ва алайкум ассалом! Интернет тармоқлари орқали кўп маълумотларни қабул қилиш, бир у маълумотни ўқиш, дарров бошқа маълумотга ўтиб кетиш, мия иш фаолиятини тез чарчаб қолишига, хотирани сусайишига, бу ўқиганларининг нафи бўлмаслигига олиб келади. Инсон бу ҳолатга тушса гўё кучи кетиб қолгандек бўлиб, чарчоқ ҳисси пайдо бўлади, фикрлари тарқоқлашиб, жамлолмайди, бирор қарор қабул қилишга ожизлик қилади, сўнгра эса жиззакилик пайдо бўлади. Аммо китоб ўқиганда бунинг акси бўлади. Китоб ўқиганда инсоннинг маънавияти ўсади, нутқи ривожланади, мулоҳазалари чуқурлашади. Китобдан олинган маълумотлар ўз ҳаётида татбиқ этиш учун инсон қалбидан чуқур ўрин эгаллайди. Миянинг фаолияти бир маромда кетади, фикр ҳар хил маълумотларга бўлинмайди. Шунинг учун инсонда у даражада чарчаш сезилмайди. Валлоҳу аълам!