– Ва алайкум ассалом! Сабрлироқ бўлинг. Қизингиздан бирон нимани талаб қилишингиз учун у ҳали жудаям кичкина. Ўзингиз ҳам болалигингизда шундай шўх бўлган экансизку. Лекин болани зинҳор уриб бўлмайди. Йўқса катта бўлганида сизга нисбатан адоватли бўлиб қолади. Катта бўлгунича эса бирон айтган гапингизни инобатга олмайдиган бўлиб, асабингизни баттар тамом қилиши турган гап. Сир асрорини эса бегоналар билан баҳам кўриб, сизни душман деб биладиган бўлиб қолади. Сиз ўзингизни тутишингизга қараб қизингиз ҳам ўзгаради. Ақллик, доно, оғир-босиқлик билан иш тутсангиз қизингиз ҳам шундай бўлади. Агар ғазаб билан қўполлик қилсангиз болани тарбиясини, феъл-атворини қўлдан бой бериб қўйишингиз мумкин. Хожатга болани олиб бориш учун сиз ва бола хотиржам бўлиши керак. Буни бир ўйин қабилида кўрсатиб секин-аста ўргатиб олиш керак. Йўқса бола хожатга боришдан қўрқуви кучайиб, бу одатидан қутулиши ўта мушкул иш бўлиб қолади. Шунинг учун уни урушиб қўрқитиб қўйишдан тийилишингиз сиз ва қизингиз учун афзалдир. Валлоҳу аълам!