– Ва алайкум ассалом! Болалар церебрал фалажи касаллиги статистика бўйича таҳминан туғилган ҳар 1000 та гўдакдан 2 тасида учровчи хасталик ҳисобланади ва уни батамом даволаш усули афсуски ҳали кашф қилинмаган, аммо бу хасталик билан оғриган болаларнинг ҳаёт сифатини оширувчи ва уларни ҳаётга мослашишини енгиллаштирувчи даво чоралари мавжуд. Болалар церебрал фалажи (БЦФ) – бош мияни ҳомиладорлик ва туғруқ вақтида жароҳатланиши ёки ривожланмай қолиши ҳисобига келиб чиқадиган жуда кўп касалликларни ўз ичига олувчи касалликлар гурухидир. Бу касалликларда қуйидаги умумий сабаб ва белгилар кузатилади:
Перинатал (туғруқ атрофида) даврда юзага келади – яъни касаллик ривожланиши туғруқдан олдин, туғруқ вақти ёки туғруқдан кейин юзага келади.
• Бош мия ва орқа мия тўқимасини алохида ёки биргаликдаги органик шикастланиши.
• Кўпроқ харакат тизимида бузилишлар кузатилади. Бундан ташқари мувозанат, кўриш, нутқ ва рухий бузилишлар хам кузатилади.
• Сурункали ва прогрессивланмайдиган("зўраймайдиган”, "кучаймайдиган”) кечади. "Сохта прогрессия” – деган тушунча хам мавжуд бўлиб, бунда бола ўсиши давомида унда илгари кузатилмаган яширин белгилар пайдо бўла бошлайди. Бунга одатда мияга қон қуйилиши, инсульт, эпилепсия ва тананинг бошқа касалликлари сабаб бўлади.
• Ирсиятдан берилмайди ва юқумли эмас.
• Реабилитация қилиш имкони мавжуд. Реабилитация оқибатида беморнинг яшаш даражасини ва ижтимоий холатини яхшилаш имкони юқори.
БЦФ сабаблари нималар?
Олимлар бу касалликка олиб келувчи 100 дан ортиқ сабабларни келтириб ўтган. Улардан баъзиларини келтирамиз:
• БЦФ беморларнинг 40-50% и вақтидан илгари туғилган болалардир. Уларда аъзолар яхши ривожланмайди ва бош мияга кислород етишмай гипоксия рўй беради.
• 10% гача холатда туғриқ вақтидаги асфиксия(бўғилиш)га тўғри келади.
• Яна бир асосий сабаб – онадаги инфекциялар бўлиб, уларнинг токсик таъсири натижасида бола бош мияси ривожланмай қолади.
• Резус конфликт – бола ва она қонидаги резус омилларнинг мос келмаслиги.
• Хомиланинг катталиги ёки онадаги тор чаноқ.
• Йўлдошни вақтидан олдин кўчиши.
• Туғруқ вақтида – хомила атрофи сувини вақтли тешиб қўйиш, дори-дармон билан туғруқни тезлатиш, болани нотўғри келиши ва б.
• Туғруқдан кейин – бош мияни зарарловчи оғир инфекциялар(менингит, энцефалит), оғир метал билан захарланиш(симоб), бош мия травмалари ва б.
БЦФ нинг қандай турлари ва белгилари мавжуд?
Унинг бир нечта турлари мавжуд.
1. Спастик тури (Литтл касаллиги) – энг кўп тарқалган бўлиб, жами касалларнинг 40% ига тўғри келади. Чала туғилганларда кўпроқ кузатилади. Боланинг биринчи ёшида белгилари кўзга кўринади. Уларда спастик тетрапарез, яъни қўл ва оёқда "тортишиш” бўлиб, оёқларда кучлироқ кузатилади.
2. Икки томонлама гемиплегик шакли – бу оғир шаклларидан бири бўлиб, 2% гача учрайди. Боланинг биринчи ойлигидан ўз белгаларини бера бошлайди. Бунда хам оёқ ва қўлларда парез бўлади лекин бир томонда кучлироқ кузатилади.
3. Гиперкинетик шакли – 10% холатда учрайди ва хохишсиз харакатлар хамда нутқ бузилиши кўпроқ кузатилади. Касаллик белгилари боланинг биринчи ёши охири ва иккинчи ёшининг бошида юзага чиқади. Беморнинг қўли, оёғи, юз мушаклари ва бўйни ўз-ўзидан, хохишсиз харакатланади. Бу харакатлар боланинг хиссиётли холатларида кучайиб кетади. Гапириши кечроқ бошланади. Нутқи секин, тушунарсиз ва монотон бўлади. Уларда ақлий ривожланиш меъёрда бўлиб, мактабни хатто институтларни хам аъло бахоларга тугатиши мумкин.
4. Атоник-астатик тури – 15% холатда учрайди. Уларда туғилгандан бошлаб гипотония (тонуси паст) бўлади. Боланинг ўтириши, туриши ва юриши анча кеч қолади. Мувозанати бузилади ва одатда қўл-оёқ, бошда тремор (қалтираш) кузатилади.
5. Гемипаретик шакли – 32% холатда учрайди. Тананинг бир томонидаги қўл ва оёқда кузатилади. Бу шаклни бола туғилиши билан аниқлаш мумкин. 40-50% холатда тутқаноқлар учрайди.
Ўзбекистонда бундай касаллик билан оғриган беморларга ёрдам бериш учун мўлжалланган ташкилотлар хам мавжуд:
1 У.Қ.Қурбонов номидаги Республика болалар рухий-асаб касалхонаси.
2. Ўзбекистон Республикасидаги алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим.
Охирги йилларда Белорус медиклари томонидан “Ўзак ҳужайралар билан БЦФ ( ДЦП ) ни даволаш усули ( операция усули)” синовдан ўтмоқда. Бу янги даволаш усули асосида бемор ясси суягидан олиб, суньий ўстирилган ўзак ҳужайраларини бемор организмига мақсадли –нишонли равишда қайта киритиш ва шу йўл орқали нерв системасини яхшироқ озиқлантириш ётади , натижада мушаклар спазми камайиб, беморда ҳаракатланиш осонлашади , юриш равонлашади. Ҳозирда бу усул бир қанча илмий-текшириш институтлари томонидан амалиётда синаб кўрилмоқда. Синов натижалари қониқарли. Албатта у батамом тузалишга олиб келмайди аммо бу касаллик белгиларини анча камайтириб, ҳаёт сифатини ошишига олиб келади иншааллоҳ.
Фарзандингизни қанча барвақт консерватив йўллар билан даволашни бошласангиз шунчалик асоратлар камаяди ва хатто иншааллоҳ болангиз мустақил ўтира ва ҳатто юра олади. Фақат сиздан бу йўлда ойлаб эмас балки бир ёки бир неча йил қатьий сабот ва сабр билан комплекс даволанишни давом эттириш талаб қилинади, мана кўрасиз иншааллоҳ фарзандингиз юриб кетади ва ҳатто мактабга ҳам бориб ўқиши мумкин. Ўзим шахсан бир неча ана шу ташхис билан оғриган болаларни юриб кетишганини гувоҳи бўлдим. Тошкент шаҳрида Себзор даҳасида, 9- оилавий поликлиникадан бир бекат нарида ДЦП марказ бор, корейс массажистлари ва реабилитологлари бу касаллик асоратларини самарали даволашмоқда, бир неча беморларимга шу ерни тавсия қилганман, натижаси ижобий, дастлаб кўрганимда ерда судралиб ҳаракатланадиган қизалоқ шу ерда бир неча йил вақти вақти билан даволаниб, ҳозирда юриб кетди ва тенгдошлари қатори мактабга қатнаб ўқияпти.
Умидингизни узманг ва фарзандингиз учун барча имкониятларингизни ишга солиб ҳаракат қилинг, иншааллоҳ сизнинг фарзандингиз ҳам кўзингизни қувнатиб юриб, чопқиллаб кетади. Аллоҳ комил шифо берсин!